Ўзбекистон | 15:20 / 14.09.2019
36560
2 дақиқада ўқилади

2019 йилнинг 6 ойида Ўзбекистонга қанча гўшт олиб кирилган?

Фото: Depositphotos.com/AChubykin

Ўзбекистон Республикаси очиқ маълумотлар портали бу борадаги рақамларни ошкор қилди. Маълум бўлишича, 2019 йилнинг биринчи ярми давомида республикамизга йирик шохли қорамол гўштидан 985 тонна импорт қилинган. Бу маҳсулот қиймати 3 млн. АҚШ доллари атрофида бўлган.

Шу турдаги гўштнинг музлатилганидан эса 204 тоннага яқин импорт қилинган. Бу салкам 478 минг АҚШ доллари эканлиги қайд этилган.

Ўтган бу даврда 5,8 млн. АҚШ доллари қийматида бўлган 7674 тонна парранда гўшти ва маҳсулотлари импорт қилинган. Тирик балиқ миқдори 4,5 тоннани ташкил қилган бўлса, музлатилган балиқдан 260 минг АҚШ доллари қийматида 47,7 тонна олиб кирилган.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги пайтларда гўшт мавзуси кўп муҳокама қилинди. Хусусан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хайитовнинг “Гўшт нархи нега қимматлаб кетяпти деб ўйлайсизлар? Тўғри, озуқа етишмаслиги биринчи сабаб, иккинчидан, бугун биз жуда кўп гўшт истеъмол қиляпмиз. Шунчалик кўп гўшт емоқдамизки, бунинг натижасида кўпгина касалликлар пайдо бўляпти. Буни «Америка касаллиги» дейишади, бу касаллик менда ҳам бор, ҳаммамизнинг танамизда ортиқча гўшт бор. Мен фақат гўштни айтмаяпман, овқатланиш маданиятимиз йўқ...” деган сўзлари кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди.

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматовнинг “Гўшт нархи яна қимматлашади” — Водийнинг уч вилоятидаги гўшт нархи ҳақида” номли мақоласида бу маҳсулот қийматининг ўсиш сабаблари атрофлича таҳлил қилинган.

Мавзуга оид