Глобал миқёсда мол гўштининг бир килограмми учун ўртача нарх 6,9 долларгача қимматлашди. Бу мутлақ рекорд кўрсаткичдир. Ўзбекистонда ҳам гўшт нархининг ошиши йиллик инфляциядан 3 баробар юқори бўлиб қоляпти. Хўш, бунга нималар сабаб бўляпти?

2025 йилнинг сентябр ойида дунё бўйлаб мол гўштининг бир килограмми учун ўртача нарх 6,9 долларгача қимматлашди. Бу 1960 йилдан кейинги даврда қайд этилган рекорд кўрсаткич, дея хабар берди Жаҳон банки.

Гўшт нархи кетма-кет 4 ойдан бери ошиб боряпти. Йиллик ҳисобда нарх ўсиши 10 фоизга яқинлашди. Бунга асосий сабаб сифатида ишлаб чиқариш ҳажмининг қисқариши келтириляпти. Чунки қорамолни етиштириш узоқ вақт талаб этади: битта буқа сўйиладиган оғирликка етиши учун тахминан икки йил керак.

TRT нашрининг ёзишича, қорамол гўшти нафақат чўчқа ва парранда гўштидан секин тайёр бўлади, балки уни боқиш ҳам анча қимматга тушади. Айниқса ем-хашакка кўп маблағ кетади. Масалан, бир килограмм мол гўшти ишлаб чиқариш учун 15 минг литр сув сарфланади.

Фермерлар учун яна бир муаммо — иқлим ўзгариши. Қурғоқчилик сабаб яйловлар ва озуқа ҳосили қисқариб боряпти. Натижада ҳайвонларни эрта сўйиш бошланган.

Мол гўшти нархини ошираётган яна бир омил — Трампнинг бож уруши. АҚШнинг бошқа давлатлар билан савдо зиддиятлари ноаниқликни кучайтириб, савдо занжирларини бузяпти. Бундан ташқари, ёқилғи нархининг ошиши фонида логистика ва қайта ишлаш харажатлари ҳам қимматлашган.

Шунингдек, Европанинг айрим мамлакатларида касаллик сабаб қорамолларнинг қирилиб кетиши ҳам таъминот қисқаришига олиб келган.

Шу билан бирга, гўшт истеъмоли ҳам ортиб боряпти. Коронавирус пандемияси ва чекловлардан сўнг аҳоли яна фаол тарзда гўшт ейишни бошлаган.

АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, дунёда истеъмол қилинадиган гўшт турлари ичида мол гўштининг улуши 24 фоизни ташкил этади. Бу борада чўчқа гўштининг улуши 36 фоиз, парранда гўштининг улуши 33 фоиз, қўй гўштининг улуши эса атиги 5 фоиз. Дунёдаги энг йирик гўшт етказиб берувчи мамлакатлар – АҚШ, Бразилия ва Хитой ҳисобланади.