Жамият | 17:56 / 17.09.2019
9257
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда ноқонуний равишда қум қазиб олган фуқаро жазоланди

Хоразм вилояти, Урганч тумани, Қорамон қишлоғида яшовчи Д.Отажонов ноқонуний равишда қум қазиб олиб, умумтарқалган фойдали қазилмалардан фойдаланиш қоидаларини бузгани маълум бўлди.

Хоразм вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ўтказилган рейд тадбирлари натижасида Д.Отажонов Урганч тумани, Бекобод қишлоғи ҳудудидан ўзининг экскаватори билан тегишли ҳужжатларсиз қум қазиб олиб, «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги Қонуннинг 15-16-моддалари, ҳамда Ўзбекистон Республикаси «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 70-моддаси 1-қисми талабларини бузгани аниқланди.

Маъмурий иш юзасидан Д.Отажонов нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробари миқдорида, яъни 2,2 миллион сўм миқдорида жаримага тортилди.

Эслатиб ўтамиз, «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 70-моддаси 1-қисмида фойдали қазилмалар жойлашган майдонларга ўзбошимчалик билан иморатлар қуриш, фойдали қазилма конларини экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда кон назорати органлари билан келишмай туриб ишга солиш, ер ости бойликларидан фойдаланиш талаблари ва тартибини бузиш, ер қаъридан фойдаланишда ишларни олиб бориш хавфсизлиги талабларини бузиш, ер ости бойликларини муҳофаза қилиш қоидаларини ва табиий муҳитни, бинолар ва иншоотларни ер ости бойликларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ишларнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш талабларини бажармаслик, ер ости сувлари режимини кузатиш учун қазилган қудуқларни, маркшейдерлик ва геологик белгиларни йўқ қилиш ёки шикастлантириш, худди шунингдек умумтарқалган фойдали қазилмалардан фойдаланиш қоидаларини ерга эгалик қилувчилар ва ердан фойдаланувчилар томонидан бузиш каби қонунбузарликлар кўзда тутилган бўлиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Kun.uz мухбири Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид