Ўзбекистон | 12:52 / 19.09.2019
4877
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятидаги 5та туманда тадбиркорлар сони камайган

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

2019 йил 18 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери иштирокида Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди.

Йиғилишда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 2 август куни бўлиб ўтган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда белгилаб берилган вазифалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати ўрганилганида соҳани қўллаб-қувватлашда қатор муаммолар борлиги маълум бўлди. Сессияда айрим туманлар (Паркент, Оҳангарон, Бўстонлиқ, Бўка, Қуйи Чирчиқ)да тадбиркорлик субъектлари сони ўтган йилга нисбатан камайгани, фаолият олиб бораётган 798 та саноат корхонаси томонидан йиллик қувватига нисбатан 30 фоизгача фойдаланиб келинаётгани кескин танқид остига олинди.

Сессияда мавжуд эркин иқтисодий зоналар ҳамда кичик саноат зоналаридаги инфратузилмани яхшилаш, у ердаги имкониятларни янада кенгайтиришга эътиборни кучайтириш лозимлиги, ажратилаётган кредит маблағларидан самарали фойдаланиш, тижорат банклари томонидан ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларни мониторинг қилиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва уларнинг бозорини топишгача бўлган жараёнда юзага келаётган муаммоларни бартараф этишда тижорат банклари раҳбарларининг масъулиятини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Сессияда мавжуд муаммоларни бартараф этишда депутатларнинг имкониятларини кенгроқ ишга солиш, улар томонидан тадбиркорлар билан кўпроқ учрашувлар ташкил этиш, халқ депутатлари кенгашлари, уларнинг доимий комиссиялари йиғилишларида тадбиркорликка оид масалаларни мунтазам кўриб боришга келишиб олинди.  

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид