Ўзбекистон | 11:09 / 23.09.2019
5079
2 дақиқада ўқилади

Боғчаларда Сингапур таълим тизими ва ўқитиш методологияси жорий этилади

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

Жорий йил 20 сентябрь куни Мактабгача таълим вазирлигида МТТларда Сингапур таълим тизими ва ўқитиш методологиясини фаол жорий этишни кўзда тутувчи ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Ушбу қадам мамлакатда мактабгача таълим тизимидаги ислоҳотларни қўллаб–қувватлашга қаратилган. Меморандумни мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ҳамда Modern Montessori International компанияси раиси доктор Т.Чандрулар имзолади.

Меморандум Тошкент шаҳрида мактабгача таълим тизимида монтесорри усулида ишловчи педагогларни тайёрловчи ўқув марказини ташкил этиш ва хорижий тажриба асосида фаолият кўрсатувчи мактабгача таълим ташкилотини яратиш лойиҳаларини ҳамкорликда амалга оширишни кўзда тутади.

Маълумот учун: Modern Montessori International ўз фаолиятини 1989 йил бошлаган. Айни кунда Modern Montessori International гуруҳига дунёнинг 14 мамлакати, хусусан Сингапур, Буюк Британия, Гонконг, БАА, Малайзия ва бошқа мамлакатларда фаолият юритувчи 100 дан ортиқ мактабгача таълим муассасалари киради.

Modern Montessori International мактабгача ёшдаги болалар учун таълим жараёнини ташкил этишда монтесорри усулидан фойдаланади. Ушбу усул ХХ асрнинг I ярмида педагог ва шифокор Мария Монтесорри томонидан ишлаб чиқилган. У боланинг мустақиллиги, маълум чегаралар доирасида эркинлиги, унинг табиий, руҳий, жисмоний ва ижтимоий ривожланиш приципларига асосланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид