Жаҳон | 23:21 / 02.10.2019
33230
2 дақиқада ўқилади

«Аэрофлот» бош директори ўринбосари ҳибсга олинди 

Москванинг Басман суди Россиянинг энг йирик авиакомпанияси  «Аэрофлот» бош директори ўринбосари Владимир Александровни 250 млн рублни ўғирлаш иши бўйича ҳибсга олди. 

Давлат айблови Александровни уй қамоғига ўтқазишни сўраган. Гумонланувчининг ўзи эса ўзига нисбатан тергов изоляторида сақлаш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чорасини кўришни илтимос қилган. Тергов эса ҳуқуқ-тартибот идораларининг собиқ ходими ва кенг алоқаларга ҳамда катта молиявий имкониятларга эга бўлган Александров озодликда қолса, терговга халақит қилиши, жумладан яшириниши, гувоҳларга босим ўтказиши ва далилларни йўқ қилиб юбориши мумкинлигини таъкидлаган.

Ҳимоя бу хавотирлар ҳеч нима билан асосланмаганини, Александровнинг айбдорлиги исботи йўқлигини айтган. Адвокатлар Александров айбини тан олмаса-да, тергов билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини айтишган. 

Александровдан ташқари, ушбу иш бўйича адвокатлар Дина Кибец ва Александр Сливкога, “Аэрофлот” ҳуқуқшунослик департаменти собиқ бошлиғи Татьяна Давидовага ўта катта миқдорда фирибгарлик қилиш айблови қўйилган.  

Тергов версиясига кўра, Александров 2015-2016 йилларда авиакомпания пулларини ўғирлаш мақсадида уюшган гуруҳ таркибида ҳаракатланган ҳолда адвокатлар Сливко ва Кибец билан юридик хизмат кўрсатиш тўғрисида 4 та шартнома имзолаган. Аслида ушбу шартномалар бўйича ишларни «Аэрофлот» ҳуқуқшунослик бўлими ходимлари бажараётган бўлишган. Александров ва Давидов бу шартномалар бўйича 2016-2018 йилларда адвокатлар коллегиясига Сливко ва Кибец тузган сохта акт бўйича камида 250 млн рубль ўтказиб беришган.

Авиакомпанияда таъкидланишича,  ушбу иш бўйича тергов билан ҳамкорлик қилинмоқда ва ҳеч қандай изоҳ берилмайди.

Мавзуга оид