Жаҳон | 12:35 / 27.01.2026
1230
2 дақиқада ўқилади

Россияда парвозларни рўйхатдан ўтказиш ва брон қилиш тизимида носозлик юз берди

“Аэрофлот” ва бошқа Россия авиакомпаниялари авиасайёҳатларни рўйхатдан ўтказиш ва брон қилишда ишлатиладиган Leonardo тизимида носозлик чиққанини маълум қилди. Аэропортларда йўловчи ва багажни рўйхатдан ўтказиш вақтинча чекланди.

Фото: Alexey Belkin/Russian Look/news.ru

Россияда 26 январ, душанба куни Leonardo (“Сирена-Трэвел”) брон қилиш тизимида йирик кўламли носозлик юз бергани хабар қилинди. Ушбу тизимдан Россиянинг кўплаб йирик авиакомпаниялари фойдаланади. “Аэрофлот” йўловчилар ва багажни рўйхатдан ўтказиш, шунингдек чипталарни расмийлаштириш “вақтинча чеклангани”ни маълум қилди.

Ташувчига кўра, носозлик сабаб “учиш жадвалига ўзгартиш киритилиши — парвоз вақти кўчирилиши, шунингдек бутун маршрут тармоғи бўйича айрим рейслар бекор қилиниши ҳам мумкин”. Брон қилиш тизимидаги муаммолар ҳақида “Победа”, Azur Air, “Ижавиа”, “Уральские авиалинии”, “Ямал”, “Ираэро”, “Руслайн”, NordStar, “Северсталь Авиа”, шунингдек Беларуснинг “Белавиа” авиакомпанияси ҳам билдирган. Ташувчилар аэропортларда йўловчиларни рўйхатдан ўтказиш қўлда амалга оширилганини қайд этган.

Кейинроқ “Аэрофлот” ва бошқа компаниялар Leonardo тизими иши тикланганини хабар қилди. “Аэрофлот”нинг Telegram-каналида: “Ҳозирги пайтда йўловчи ва багажни рўйхатдан ўтказиш, чипталарни расмийлаштириш, қайта расмийлаштириш ва қайтариш, шунингдек қўшимча хизматлар ‘Аэрофлот’нинг барча савдо каналларида мавжуд”, — деб ёзилган.

Туроператорлар ассоциацияси маълумотига кўра, Leonardo тизимидан 60 тадан ортиқ авиакомпания фойдаланади, улар орасида хорижий “Белавиа” ва Conviasa ҳам бор. Россияда авиачипта бронларининг 80–90 фоиз қисми шу тизим орқали ўтади. 2023 йил сентябрда Leonardo'даги йирик носозликдан кейин “Ростех” бунга чет элдан қилинган оммавий DDoS-ҳужум сабаб бўлганини билдирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид