Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Энергетика вазири ўринбосари: Бу йилги куз-қиш мавсуми бошқача ўтади
Куз-қиш мавсуми келиши билан ўзбекистонликларни бир савол ўйлантира бошлайди – бу йил электр энергияси таъминоти қандай бўлади? Шу ва бошқа саволларга Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев Kun.uz`га берган интервьюсида жавоб бериб ўтди.
– Шерзод ака, энергия самарадорлиги бўйича ислоҳотлар оддий истеъмолчи учун навбатдаги чекловларга айланиб кетмайдими? Ўзи шундоқ ҳам чекловлардан ҳадиксирайдиган оддий истеъмолчи учун уларнинг аҳамияти қандай? Олдимизда куз-қиш мавсуми. Бу мавсумга тайёргарлик ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
– Ўринли савол. Минг афсус, шу пайтгача биз жуда кўп ислоҳотларни чекловлар орқали ўтказишга ҳаракат қилганмиз. Аммо тажриба шуни кўрсатдики, чекловлар керакли натижани бермайди. Улар ўрнига ундовчи механизмлар яратилиши керак ва яратилмоқда.
Биз тўғри тушунтира билишимиз керак, бу ислоҳотлардан мақсад нима, уларни амалга оширсак нималарга эришамиз. Айнан чекка ҳудудларда бу ислоҳот жуда муҳим. Мен юқорида бежизга айтмадим, кўп жойларда иситиш тизимига жуда катта миқдорда электр энергияси сарфланади. Шундай жойларда хонадонларнинг фақат иссиқ сув ва иситиш-совутиш тизимига сарфлаган электр энергияси қолган барча нарсаларга сарфлаганидан ҳам кўпроқни ташкил этади. Ана шу жойларда биз электр энергияси самарадорлигини оширишимиз, альтернатив вариантлардан фойдаланишимиз зарур.
Куз-қиш мавсумига келсак, бу йилнинг ўтган йиллардан фарқи, жуда катта лойиҳалар ишга тушириляпти. Президентимизнинг мавсумга эртароқ тайёргарлик кўриш, барча чораларни қўллаш бўйича алоҳида топшириғи бор. 2019 йилда ҳамкорларимиз билан жуда қаттиқ ҳаракат қилдик. Мақсад – куз-қиш мавсумида таъминотни яхши йўлга қўйиш.
Жумладан, Навоий иссиқлик электростанциясида 450 мегаватт, Тўрақўрғон электростанциясида иккита 450 мегаваттли энергоблоклар ва Тахиатош электростанциясида 280 мегаваттли биринчи қурилмани ишга тушириш ишлари якунланмоқда. Рақамларда ифода қиладиган бўлсам, куз-қиш мавсумида кечки максимал истеъмол вақтида республика бўйича энергия сарфи 10,5-11 минг мегаватгача етиб боради. Бу йилнинг ўзида янги қўшилаётган қувватлар 1,5 минг мегаваттни ташкил қилади, яъни бизда камида 15 фоизгача қўшимча қувват пайдо бўляпти.
Бундан ташқари, олиб борилаётган ташқи сиёсат натижасида қўшни давлатлар билан алоқаларимиз яхшиланиб бормоқда. Бу энергетика соҳасида ҳам яхши натижа беради – биз зарур пайтда қўшниларимиздан электр энергияси харид қиламиз ёки ортиқчасини сотишимиз мумкин, яъни мавсумий савдони йўлга қўямиз.
Куз-қиш мавсумида биз яна бир янгиликни йўлга қўйдик. Истеъмолчилар бутун республика бўйича ягона 1154 қисқа рақами орқали ҳудудий электр тармоқларига боғланишлари ва ўзлари дуч келаётган муаммоларни билдиришлари мумкин. Бу колл-центр фақат куз-қиш мавсумида эмас, йил давомида ишлайди. Истеъмолчиларнинг мурожаатлари бевосита раҳбарларга етиб боради. Албатта, бу тизим яқинда ишга тушди, камчиликлардан ҳоли эмас, уни такомиллаштириш устида ишлар олиб борамиз.
Истеъмолчилардан жуда кўп эътирозлар тушади, улар туман ёки вилоят электр тармоқлари диспетчерлик рақамига туша олмаётганлари ёки муаммони айтсалар-да ҳал бўлмаётганини билдиришади. Уларнинг эътирозлари юз фоиз ўринли, ҳеч ким уйида электр энергиясисиз ўтиришни истамайди. Лекин диспетчерларни ҳам тушунишимиз керак – истеъмолчилар билан мулоқот қилиш уларнинг вазифаси эмас. Улар шу тизимни авариясиз ишлашини таъминлашлари керак. Шунинг учун биз бу тезкор алоқа тизимини йўлга қўйдик.
Куз қиш мавсуми олдидан аҳолига, маҳаллаларга мурожаат қилмоқчи эдим. Тайёргарликда сизнинг кўмагингиз ҳам керак. Ҳудуддаги трансформаторлар ҳолати, электр симларига тегиб турган, шамолда узиб юбориши мумкин бўлган дарахтлар, яширин ишлаётган ва трансформаторларни зўриқтираётган цехлар ҳақида хабар беришингиз ҳамда бу муаммоларни биргаликда бартараф қилишда ёрдам қилишингизни сўрайман.
– Биз журналистлар яқинда Навоий ва Тахиатошдаги янги иссиқлик электростанциялари билан танишиб келдик. Сиз бу соҳага масъул сифатида бутун республикада ишга туширилаётган қувватлар билан бевосита танишсиз. Янги лойиҳаларимизнинг қайси бири энг истиқболли, яъни халқимизга энг кўп энергия беради?
– Охирги йилларда ишга туширилаётган лойиҳаларимизнинг барчаси класси бўйича энг яхшиларидир. Ҳаммасида ҳам ишлаб чиқариш, самарадорлик юқори даражада. Биргина мисол келтирсам – янги энергоблокларимиз олдингиларига нисбатан икки баробар кам ёқилғи сарфлайди.
Энди лойиҳаларимизни бевосита солиштирадиган бўлсак, улар орасида Тўрақўрғон электростанцияси алоҳида аҳамиятга эга. Чунки унинг қурилишида иштирок этган япон мутахассислари ҳам сўнгги йилларда ўзлари барпо қилган энг мукаммал, эстетик жиҳатдан юқори даражадаги электростанция эканлигини бир неча марта эътироф этдилар.
Бу лойиҳанинг муҳим жиҳати шундаки, аҳоли зич, ишлаб чиқариш юқори бўлган Фарғона водийсида бизнинг йирик ишлаб чиқариш қувватимиз йўқ эди. Фарғона иссиқлик станцияси жуда кичик, эҳтиёжни умуман қоплай олмасди. Тўрақўрғон электростанцияси бизнинг энергетика салоҳиятимизни янги босқичга олиб чиқади.
Биз шамол ва қуёш энергетикасини ривожлантириш билан бирга анъанавий электростанциялар аҳамиятини ҳам унутмаймиз, чунки эҳтиёжимиз жуда катта.
– Янги лойиҳаларнинг ва модернизация қилинган эски электростанцияларнинг экологик хавфсизлиги қай даражада?
– Бу ниҳоятда муҳим, жуда долзарб масала. Биз ҳар қандай янги лойиҳа устида иш бошлаганимизда биринчи навбатда экологик хавфсизлик масаласига эътибор қаратамиз. Лойиҳанинг экологик хавфсизлиги нафақат ўзимизнинг стандартлар, балки халқаро талабларга кўра жиддий ўрганилади. Чунки бошқача бўлиши мумкин эмас, лойиҳаларимизни молиялаштирадиган халқаро институтларнинг талаби шундай.
Биз бу борада изланишларни давом эттирамиз, кейинги лойиҳаларимизда ҳам энг етакчи услубларни қўллаб, атроф-муҳитга таъсирни максимал даражада камайтириш ҳаракатини қиламиз.
– Бугунги кунда атом станцияси билан боғлиқ баҳслар кетяпти. Бу йирик лойиҳага қаршилар ҳам, уни қўллаб-қувватловчилар ҳам талайгина. Айниқса «Чернобил» номли фильм намойиш этилганидан кейин қарши чиқувчилар жуда фаоллашишди. Соҳа масъули сифатида бу лойиҳанинг келажагимиздаги ўрни ҳақида қандай фикр билдира оласиз?
– Биз атом станцияси лойиҳасига фақат энергия манбайи сифатида қарамаслигимиз керак. Бу лойиҳа ишга туширилиши илм-фан, бунёдкорлик каби соҳаларга локомотив бўлиб хизмат қилади. Бу электр станциясини биз бежизга ўн йил давомида қурмаймиз. Бу жараёнда биз кўплаб маҳаллий кадрларни тайёрлаймиз. Булар – лойиҳачилар, қурувчилар, олимлар бўлишади. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида ҳам олдга силжиймиз. Чунки бу лойиҳа талаби жуда юқори бўлади.
Лойиҳа барча хавф-хатарларни, ўтмишдаги авария ҳолатларини, жумладан Чернобилни ҳам ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади. Ишончим комил, биз энг етакчи, хавфсиз ва самарали лойиҳалардан бирини ишга туширамиз.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.
Мавзуга оид
17:36 / 26.05.2026
Газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов қилинганда 2 ой эски тарифлар амал қилади
13:18 / 15.05.2026
1 июндан электр энергияси ва табиий газнинг янги тарифлари жорий этилади
21:41 / 05.05.2026
Қозоғистон 2027 йилда Россиядан электр энергияси олишни тўхтатади
12:57 / 07.04.2026