16:12 / 10.10.2019
5
74339

Нодир Тўрақуловнинг қудасига қарашли бўлган «метан заправка» МИБ томонидан сотилди

Мажбурий ижро бюросининг Сурхондарё вилояти Шўрчи туман бўлими томонидан «Жарқўрғон-Сервис-Техника» МЧЖга тегишли бўлган «Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ҳамда кўп тармоқли ёқилғи қуйиш шохобчаси» онлайн аукцион орқали сотилди.

Бюро матбуот хизмати Kun.uz мухбирига хабар беришича, бу шохобча аввал Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ терговчиси Нодир Тўрақуловнинг қудаси Эркин Норқобиловга тегишли бўлган. Бу мулк аввалига 14 миллиард сўмга баҳоланганди, аммо бу нархга харидор чиқмагач шохобча 3 октябрь куни 7,4 миллиард сўмга сотилган.

Нодир Тўрақулов

«Сурхондарёда фаолият юритган Миллий хавфсизлик хизмати собиқ ходими Нодир Тўрақулов ва унинг жиноий шериклари Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг ҳукми билан қамоққа олинганди. Айни пайтда улар томонидан жиноий йўллар билан орттирилган мол-мулкларни аниқлаш ва давлат тасарруфига ўтказиш давом этмоқда.

Ҳаётда бировнинг ҳақига тажовуз қиладиган, ўзгалар молини ўзлаштириб оладиган кимсалар, гарчи кўзга уддабурон кишилар бўлиб кўринса-да, энг олчоқ одамлардир.

Демак, ўзганинг ёки давлатнинг мол-мулкини талон-торож қилиш, уни ўзлаштириб эгалик қилиш энг оғир жиноятлардан бири.

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг 2018 йил 25 декабрдаги ижро варақасига асосан «Жарқўрғон-Сервис-Техника» МЧЖ балансидаги Сурхондарё вилояти, Шўрчи туманида жойлашган «Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ҳамда кўп тармоқли ёқилғи қуйиш шохобчаси» бинолари жиноий йўл билан топилган мулк сифатида давлат эгалигига ўтказиш белгиланган эди. Таъкидлаш жоиз, бу шохобча Миллий хавфсизлик хизмати собиқ ходими Нодир Тўрақуловнинг қудаси Э.Н.га тегишли бўлиб, ҳеч шубҳа йўқки қўли узун қуда қаноти остида фаолият юритган.

Мазкур ижро иши МИБ Шўрчи туман бўлими иш юритувига келиб тушган ҳамда ижро ҳаракатларига киришилган. Шунингдек, ушбу бино ва иншоотлар 14 млрд. сўмдан ортиқ нархга баҳоланиб, томонидан электрон онлайн-аукцион савдосига чиқарилди. Шунга асосан, 3 октябрь куни арзонлаштирилган нархда, яъни 7 млрд. 41 миллион сўмга сотилиб, аукцион савдоларидан тушган пул маблағлари давлат даромадига йўналтирилди», дейилади МИБ маълумотида.

Эслатиб ўтамиз, Нодир Тўрақулов 2018 йилнинг 22 январида, президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида фаоллар билан учрашув вақтида МХХнинг вилоят бошқармаларидаги ходимларини кескин танқид қилганидан кейин қамоққа олинганди.

2018 йилнинг 25 октябрида Нодир Тўрақулов 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 81 млн сўм миқдорида (9,7 минг доллардан ортиқ) жаримага тортилганди. ОАВ маълумотига кўра, у Жиноят кодексининг 10дан ортиқ моддаси бўйича айбланган, жумладан, ваколатини суиистеъмол қилиш, порахўрлик, фирибгарлик ва тамагирлик. 42 ёшли собиқ зобит билан бирга яна 12 нафар шахс судга тортилган.

Кейинроқ Бош прокуратура Нодир Тўрақуловга нисбатан бошқа жиноий ишлар доирасида ҳам тергов давом этаётгани маълум қилинди. ОАВ маълумотига кўра, 5 сентябрь куни Ҳарбий суд Нодир Тўрақулов иши бўйича ишни кассация тартибида кўриб чиқишни бошлаган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top