Ўзбекистон | 15:27 / 12.10.2019
11955
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон магистрал газ қувурларида шу йилнинг ўзида 4та авария рўй берган

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Ўзбекистонда магистрал газ қувурларидан фойдаланиш муддати, шартлари ва меъёрлари масалаларига оид қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилмаган, қувурлар диагностикаси тўлиқ ўтказилмаяпти. Натижада «Ўзтрансгаз» тасарруфидаги магистрал газ қувурларининг 68 фоизининг техник ҳолати маълум эмас.

Боз устига, мавжуд 13 минг км магистрал газ қувурларининг 11,5 минг километри 20 йилдан кўпроқ муддатдан буён фойдаланиб келинмоқда.

Сенат ялпи мажлисида маълум қилинишича, газ қувурларида жиддий авариялар содир бўлаётгани юқоридаги фактлар билан изоҳланади.

«Масалан, 2014 йил 13 июлда «Ховост-Фарғона» магистрал газ қувурида содир бўлган аварияда 4 нафар фуқаро тан жароҳатлари олган ва уларнинг 2 нафари вафот этган. Ёки, фақат жорий йилда магистрал газ қувурларида 4 марта турли авариялар, яъни портлаш, ёнғин ва бахтсиз ҳодисалар содир бўлган», – деди сенатор Бойматжон Расулов.

Унинг сўзларига кўра, ушбу фавқулодда ҳолатлар қувурларнинг яроқсиз ҳолга келиши ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаслиги туфайли келиб чиққан. Авариялар натижасида йўқотилган газ ҳисобига давлатга 1,5 млрд. сўмдан ортиқ зарар етказилган.

Сенат аъзоси келтирган рақамларга кўра, «Ҳудудгазтаъминот» АЖга қарашли жами 88.731 километр, шу жумладан кўп қаватли уйлардаги газ қувурларининг 20.373 километри 10 йилгача, 25.865 километри 10 йилдан 20 йилгача, 42.493 километри 20 йилдан 30 йилгача ва ундан ортиқ муддат фойдаланиб келинмоқда. Уларнинг ҳам техник ҳолатини диагностика қилиш ишлари амалда тўлиқ бажарилмай келмоқда.

«Иккинчидан, аҳолининг ҳаёти ва мол-мулки, атроф муҳит, турли объектлар, газ қувурлари ҳамда ускуналари хавфсизлигига жиддий таҳдидлардан яна бири – магистрал газ қувурларининг ҳимоя зоналарида ноқонуний қурилмаларнинг мавжудлигидир.

2019 йилнинг 1 июль ҳолатига ҳимоя зоналарида аниқланган ноқонуний қурилмалар жами 2.063 тани ташкил қилиб, уларнинг 879тасини бузиш ёки бошқа жойга кўчириш масаласида судларга киритилган даъво аризаларининг 810 таси қаноатлантирилган ва атиги 35 тасининг ижроси таъминланган.

Ҳимоя зоналаридаги ноқонуний қурилмаларни ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, уларнинг аксарияти Бухоро, Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё, Жиззах ва Навоий вилоятларига тўғри келади. Таъкидлаш лозимки, ноқонуний қурилмаларнинг сони ўтган бир йилда камайиш ўрнига 67 тага кўпайган.

Учинчидан, истеъмолчиларга тегишли, шу жумладан кўп қаватли уйлардаги газ қувурларининг носозлиги, автоматик созлаш, назорат қилиш асбобларига эга бўлмаган иситиш мосламаларидан фойдаланиш, иситиш мосламалари, дудбўронлар ва шамоллатиш каналларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаслиги натижасида фуқароларнинг ис газидан заҳарланиши ҳамда бошқа фавқулодда ҳолатлар рўй бермоқда.

Тўртинчидан, техник ишлатиш қоидаларига асосан магистрал газ қувурларидан узоқ муддат фойдаланишни таъминлаш мақсадида уларни электр кимёвий ҳимоя қилиш лозим бўлса-да, бу талаб ҳам тўлиқ бажарилмаяпти. 

Жумладан, магистрал газ қувурларининг 80 фоизи ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ тасарруфидаги ер ости газ қувурларининг 16 фоизи электр кимёвий воситалар билан ҳимояланган холос.

Бешинчидан, аҳоли, турли объектлар ва газ тармоқларининг хавфсизлигига жиддий таҳдидлардан яна бири – газни тақсимлаш станциялари ва газни ростлаш пунктларининг техник аҳволи ҳисобланади.

Жумладан, магистрал газ қувуридаги газ босимини пасайтириш, одоризациялаш ва ҳисобга олиш вазифасини бажарувчи газни тақсимлаш станцияларининг техник ҳолати қониқарли аҳволда эмас.

Бугунги кунда «Ўзтрансгаз» АЖга қарашли жами 372 та газни тақсимлаш станциялари мавжуд бўлиб, уларнинг 78 таси 10 йилгача, 78т аси 10 йилдан 20 йилгача, 216 таси 20 йилдан 30 йилгача ва ундан ортиқ муддат фойдаланиб келинмоқда.

Шу каби, «Ҳудудгазтаъминот» АЖга қарашли жами 75.233 та газни ростлаш пунктларидан 17.176 таси 10 йилгача, 21.600 таси 10 йилдан 20 йилгача, 36.457 таси 20 йилдан 30 йилгача ва ундан ортиқ муддат фойдаланиб келинмоқда.

Уларнинг аксарияти маънан эскирган, уч томонлама жўмраклар, махсус мойлар, босим ўлчаш манометрлари етишмайди, кўпларида сақлагич клапанлари ва газ босимини тартиблаш қурилмаларидаги резина қисмлар яроқсиз ҳолга келган.

Бундан ташқари, Фарғона водийси вилоятларига газ етказиб берувчи «Оҳангарон» компрессор станцияси 2009 йилдан фаолият кўрсатиб келаётган бўлса-да, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига асосан Давлат қабул комиссияси томонидан бугунги кунга қадар расман фойдаланишга қабул қилинмаган.

Олтинчидан, «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан тасдиқланган режага асосан, содир бўлиши мумкин бўлган аварияларни ўз вақтида тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида барча ҳудудий корхона ва бошқармаларда захира қувурлари бўлиши лозим.

Лекин, фойдаланишдаги аксарият магистрал газ қувурларини маънан эскирганлиги, уларнинг диагностикаси ва техник соз ҳолатда сақлаш ишларини лозим даражада олиб борилмаётганлиги натижасида авария содир бўлиш эҳтимоли жуда юқори бўлишига қарамасдан, захира қувурлар билан  таъминлаш режаси ҳам тўлиқ бажарилмаяпти», – деди Расулжон Бойматов ўз маърузасида.

Сенаторлар табиий газ қувурлари тизими ва ушбу соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши аҳволи юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборишга қарор қилишди.

Сенат аъзолари ҳукуматдан сўровда қайд этилган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтайи назарни баён қилишни талаб қилмоқда.

Мавзуга оид