14:09 / 21.10.2019
1
9026

Олий таълим тизимида масофавий таълимни жорий этиш таклиф қилинмоқда

Ўзбекистон олий таълим тизимида масофавий таълимни жорий этиш таклиф қилинди. Тегишли петиция “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида жойлаштирилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасида Европа стандартлари асосида масофавий таълимни ташкил этиш, шу билан биргаликда, топ мингталикка кирувчи олий таълим муассасаларида масофавий таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш зарур. Ҳозирги ахборот технологиялари ривожланган асрда улардан оқилона ва тўлақонли фойдаланган ҳолда таълим сифатини ва шу билан бир вақтда иш фаолиятини олиб боришни таъминлаш ҳам таълимда, ҳам иш фаолиятида юқори самара бериши мумкин. 

“Сўнгги йилларда Ўзбекистон олий таълим муассасаларига ўқишга кира олмаган ёшларимиз қўшни мамлакатларнинг бир қанча юқори мавқега эга бўлган олийгоҳларида масофавий таълим асосида ўқишни афзал кўришмоқда. Агарда Республикамизда масофавий таълим бериш жорий этилса, бу билан мамлакатимизда олий маълумотга эга бўлган кадрлар сони кўпаяди, минглаб ёшларимиз иш жойларини тарк этмасдан туриб олий таълим олишади ва ўз-ўзидан иқтисодиётга жуда катта фойда келади”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Билдирилишича, олий маълумотли кадрлар кўпайиб кетса, уларни ишга жойлаштириш муаммоси пайдо бўлиши мумкин, лекин кадрлар қанча кўп бўлса, ўз-ўзидан улар ўртасида рақобат вужудга келади ва таълим сифати ошади, талаба ўз устида кўпроқ ишлашига тўғри келади.

“Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимида масофавий таълимни жорий этишни таклиф қиламиз”, - дейилади петицияда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top