Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Интер» ниҳоят катта ўйинни ютадими? ЕЧЛ ўйинлари анонси
Бугун Европа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида 3-тур доирасида яна 4та гуруҳда 8та ўйин ўтказилади.
Куннинг марказий баҳсида «Интер» Дортмунднинг «Боруссия» клубини қабул қилади. «Аякс» ва «Челси» жамоалари ўртасидаги ўйин ҳам қизиқарли ўтиши кутилмоқда. Қуйида шу ва бошқа ўйинлар анонси билан таништирамиз.
Амстердам «ёш болалар»ни меҳмон қилади
Куннинг илк ўйини Амстердамда Тошкент вақти билан соат 22:00да «Амстердам-Арена»да «Аякс» — «Челси» ўйини бошланади. Ўтган мавсумда ярим финалгача етиб борган «Аякс» етакчиларини қўйиб юборгани сабаб бу мавсумда у қадар узоққа бора олмаслиги тахмин қилинганди. Бундай дейиш учун сабаб етарли эди. Чунки футболчиларни трансфер қилиб «кун кўрадиган» клубларда одатда ҳар 4-5 йилда яхши авлод чиқиб қолади ва улар кетиб қолганидан сўнг жамоа ўйинида пасайиш кузатилади.
«Порту», «Монако» каби клублар мисолида юқоридаги фикримиз исботини кўрганмиз. Айниқса, «Монако» ҳамон ўзига кела олмаётгани бунга яққол мисол. Мбаппе, Фабиньо, Менди, Бакайоко, Бернарду Силва каби футболчиларни сотган князлик клуби бугун оғир дамларни бошдан ўтказмоқда. Аммо «Аякс»да клуб асоси сақлаб қолинган ва жамоа бу мавсумда ҳам ЕЧЛда ёрқин ўйин кўрсатмоқда. «Барселона» ва «Реал» каби клубларга ўз майдонида кун бермайдиган «Валенсия» «Месталия»да «Аякс»га 0:3 ҳисобида мағлуб бўлгани кўп нарсани англатади. «Аякс» ўтган мавсум «ПСЖ»га бешта гол урган «Лилль»ни ҳам 3:0 ҳисобида енгди.
Амстердамликлар асосий икки юлдузи Де Йонг ва Ле Лигт кетганидан сўнг уларнинг ўрнига ҳозирча янги юлдузларни кашф қилмади. Ҳужумда эса Квинси Промес ёрқин ўйнамоқда.
«Челси»ни ҳам ўтган йилги «Аякс»га ўхшатиш мумкин, чунки Лэмпард ҳам жамоада ёш футболчиларни ўйнатмоқда. Топ мураббийларни олиб келгач, улар айтган футболчиларга миллионлаб пул сарфлаб тоқати тоқ бўлган Абрамович Лэмпардни олиб келди ва «Френки, билганингни қил», деди. Бу Абрамовичнинг «Челси»га келганидан кейинги энг тўғри қарорларидан бири бўлди, чунки Лэмпард оддий футболчи эмас, клуб афсонаси.
Лэмпарднинг ЕЧЛдаги дебюти омадсиз чиқди ва «кўклар» ўз майдонида «Валенсия»га енгилди. Аммо иккинчи турда «Лилль»ни сафарда енгган «Челси» вазиятни яхшилаб олди. Мавсум аввалига Абраҳам, Маунт каби футболчиларни кўпчилик билмасди, аммо улар бугун АПЛ юлдузига айланишди. Ўз вақтида «Челси»нинг АПЛдаги ярим асрлик совринсиз даврига якун ясаган, жамоа билан ЕЧЛда ғолиб бўлган музаффар футболчи Лэмпард мураббий сифатида ҳам қитъанинг энг зўр мусобақасида ўз сўзини айтишга уриниб кўради.

«Наполи» ва «Зенит» «Ред булл ичгани» боришади
3-турда битта ҳомийга эга икки клуб катта ўйинларда қатнашади. Германияда «Лейпциг» Санкт-Петербургнинг «Зенит» клубини қабул қилади. Бундеслигада 5-ўринда бораётган «Лейпциг» бугунги ўйинда ғалаба қозониб, гуруҳ етакчисига айланиб олади. Аммо сўнгги ўйинида «Ростов»га 6та гол урган «Зенит» ҳозир жуда яхши ҳолатда. Дзюба 6 йил деганда илк марта Россия чемпионатида ҳет-трик қайд этди, Озмун яна гол уришни бошлади. Семак фақат Россия даражасидаги мураббий эмаслигини исботлаш учун ЕЧЛда жуда қийин «G» гуруҳидан чиқиши керак.
Анчелотти мураббийлигида «Ювентус»нинг Италиядаги монополиясига барҳам беришга ҳаракат қилаётган «Наполи» ҳам бугун Red Bull ҳомийлик қиладиган, номи ҳам «Ред Булл» бўлган клуб меҳмони бўлади. Европа футболига янги номларни чиқариб беришни бошлаб юборган Австрия клуби «Наполи»га бошоғриқ бўлиши мумкин.
«Ливерпуль» «ГенК» меҳмони
Бельгиядаги «Генк» ва «Гент» клубларини адаштириб юборишади. «Ливерпуль» бугун «Генк» меҳмони бўлади, шу боис сарлавҳада охирги ҳарфни катталаштириб ёздик. Бугун «Ливерпуль» сафида Муҳаммад Салоҳ майдонга тушиши мумкин. Мисрлик футболчи «МЮ»га қарши ўйинда майдонга тушмади ва бу Клопп жамоасига қийинчилик туғдирди. Салоҳ «Ливерпуль» учун қанчалик муҳим футболчига айлангани айнан Британия дербисида билинди.
Бельгияга Трент Александр-Арнольд ҳамда Матип келмаган. Трент бетоблиги боис, Матип жароҳат сабаб ўйинни ўтказиб юборади. «Ливерпуль» ўтган йили Чемпионлар лигасини ютган бўлса-да, гуруҳдан қандай қийинчилик билан чиққанини эсласангиз керак. «Наполи» билан 6-тур ўйинида йўлланма тақдири ҳал бўлган ва ўйин сўнгида Алиссоннинг сэйви бўлмаса, «Ливерпуль» гуруҳда қолиб кетган бўларди. Клопп ўтган йилги каби қийин ҳолатда қолмаслик учун «Генк»ни енгиши керак. Чунки ўтган йил ҳам меҳмондаги «Црвена Звезда»га қарши ўйиндаги мағлубият Клопп жамоасига қимматга тушишига бир бахя қолганди.

«Интер» учун мавсумдаги учинчи катта ўйин
Антонио Конте «Интер»ни яхши томонга ўзгартира олди. Жамоа ўтган мавсумлардаги асосий футболчиси Мауро Икардисиз ҳам зўр ўйнамоқда. Конте максимал даражада хатолар қилмасликка одатланган жамоа тузишини «Ювентус» ва «Челси»да кўрганмиз. «Интер» ҳам шундай максималист жамоага айланиб бормоқда.
Конте катта ўйинларда жамоа қийналаётгани ҳали «Интер» «етарли даражада топ эмаслиги» билан изоҳламоқда. Жамоа мавсумдаги иккита катта ўйинда мағлуб бўлди: «Барселона» ва «Ювентус»га. Ҳар икки ўйинда ҳам тенг курашларда енгилди. Ҳар икки баҳсда ҳам аввал «Интер» ҳисобни очди. Бу эса иродасизликдан нишона ва Контенинг класс борасидаги гапларини исботлайди.
Мавсумдаги учинчи катта ўйинни «Интер» «Жузеппе Меацца»да «Боруссия Д»га қарши ўтказади. «Арилар» жамоалар жуда зич жойлашган Бундеслигада «Бавария» билан бир очко тўплаб 4-ўринда бормоқда. Ройс ва жамоадошлари (балки Санчо ва жамоадошлари дейиш керакдир) ҳозирча «Барселона»га ютқазишмади ва бу «Боруссия»нинг гуруҳдан чиқиш имкониятларини кескин ошириб юборди. Чунки саралаш бошланишидан аввал «Барселона» гуруҳда ғолиб бўлиши, «Боруссия» ва «Интер» иккинчи ўрин учун курашиши айтилганди. Аммо «Боруссия» айни дамда гуруҳда етакчилик қилмоқда.
Бу ўйинни бежизга кўпроқ «Интер» томондан туриб баҳоламаяпмиз, чунки «Боруссия» шундоғам сўнгги йилларда Европа топ-клублари қаторида, «Интер»га эса «кўҳна қитъа орийлари» сафига қайтиш учун «портлаш» вазифасини бажарадиган катта ғалаба етишмаяпти. Конте жамоасининг руҳий ҳолатига ҳам жиддий таъсир кўрсатадиган «Интер» — «Боруссия» ўйини нафақат куннинг, балки 3-турнинг марказий баҳси десак ҳам бўлади.
«F» гуруҳининг яна бир ўйинида Месси ва жамоа «Славия» меҳмони бўлади. Чехиянинг Прага шаҳри шарафини ҳимоя қиладиган бу жамоага беписанд қараш ярамайди. «Славия» «Интер» билан дуранг ўйнаган.

Бугун яна икки ўйин ўтказилади. «Валенсия» Францияда «Лилль» меҳмони бўлса, «Бенфика» «Лион»ни қабул қилади.

Мавзуга оид
13:31 / 04.05.2026
«Интер» – чемпион, «Реал» «Барса»га тож кийдиришни кечиктирди. Кун ўйинлари
11:16 / 25.02.2026
«Будё-Глимт» эртаги давом этади. ЕЧЛ кашфиётини ёқтириб қолиш учун 5 сабаб
13:39 / 15.02.2026
«Реал»да йирик ғалаба, Италия дербисида ҳакамлик можароси. Кун ўйинлари
14:09 / 09.02.2026