Спорт | 16:54 / 29.10.2019
6748
4 дақиқада ўқилади

Президент Ўзбекистонда регбини ривожлантириш тўғрисида қарор имзолади

Фото: kubnews.ru

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасида регби спорт турини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон регби федерациясининг қуйидаги таклифлари маъқулланди:

а) ҳар бир ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларида регби бўлимларини очиш;

б) болалар-ўсмирлар спорт мактабларига ишга қабул қилинаётган регби бўйича мураббийлар номзодларини Ўзбекистон регби федерацияси билан мажбурий келишиш тартибини жорий қилиш;

в) қуйидагиларни назарда тутувчи регби бўйича спорт мусобақаларини ўтказишнинг тўрт босқичли тизимини жорий этиш:

биринчи босқичда – спорт клублари, секциялари жамоалари ўртасидаги спорт мусобақалари (чемпионат, биринчилик, кубок);

иккинчи босқичда – спорт клублари, секциялари жамоалари ўртасидаги мусобақаларда ғолиб чиққан жамоалар ўртасида туман (шаҳар) спорт мусобақалари (чемпионат, биринчилик, кубок);

учинчи босқичда – туман (шаҳар) спорт мусобақаларида ғолиб чиққан жамоалар ўртасида ҳудудий спорт мусобақалари (чемпионат, биринчилик, кубок);

тўртинчи босқичда – ҳудудий спорт мусобақаларида ғолиб чиққан жамоалар ўртасида республика спорт мусобақалари (чемпионат, биринчилик, кубок).

2019 – 2022 йилларда республикада регбини янада комплекс ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш доирасида қуйидаги устувор йўналишлар ва вазифалар белгиланди:

иқтидорли спортчи ёшларни танлаб олиш (селекция ишлари) фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва регби бўйича ўқув-машқ жараёнини сифатли ташкил этиш;

регбини оммалаштириш, ёшларни спорт тўгараклари, секциялар ва тўгаракларга фаол жалб қилиш, улардан эркин фойдаланиш имкониятини таъминлаш;

тренерлар, ҳакамлар ва регби бўйича бошқа мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

регби бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этиши учун сифатли ва самарали тайёргарлигини таъминлаш;

халқаро мусобақаларнинг ғолиблари ва совриндорларини рағбатлантириш, шунингдек, тренерлар, ҳакамлар ва регби бўйича бошқа мутахассисларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлашни кучайтириш;

регбининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва инфратузилмасини такомиллаштириш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига қуйидаги вазифаларни ҳал этиш юклатилди:

ҳудудий регби федерацияларининг молиявий ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;

тегишли ҳудудларнинг раҳбар кадрлари орасидан номзодларни ҳудудий регби федерациялари раиси лавозимига тавсия этиш;

тегишли ҳудудда профессионал регбининг ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш, камида битта профессионал регби клубини ташкил этиш, регби машғулотларини ўтказиш учун стадионлар, шунингдек, тегишли ҳудудий регби федерацияларини жойлаштириш учун бинолар ажратиш. 

Ўзбекистон регби федерацияси фаолиятини ва унинг зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишни молиялаштириш манбалари қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режасида назарда тутиладиган Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш учун ажратиладиган маблағлар;

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси маблағлари;

ҳомийлар маблағлари, шунингдек, қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг спорт клублари стадионларида мунтазам равишда регби бўйича машғулотлар ва мусобақалар ўтказиш учун шарт-шароитлар яратиб берилишини беғараз асосда таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020/2021 ўқув йилидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида регби бўйича мутахассисларни тайёрловчи йўналишлар очиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид