Жамият | 11:08 / 30.10.2019
7889
2 дақиқада ўқилади

ТИВ Ленинградда Ўзбекистон фуқароси иштирокида фожиа юз берганини тасдиқлади

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси 2019 йилнинг 26 октябрь куни Ленинград области Ломоносов туманида Ўзбекистон фуқароси Н.Т. юк поезди билан содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этгани тўғрисида ОАВда тарқалган хабарни тасдиқлади.

Бош консулхона вазиятни назоратга олган ҳамда мазкур ҳолат бўйича тергов ишларини олиб бораётган тегишли органлар билан алоқа ўрнатган.

47news хабарига кўра, эркак киши 26 октябрь куни кечқурун поезд остида қолган. Дастлабки маълумотларга кўра, яқин жойдаги майдончада қурувчи бўлиб ишлайдиган 42 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди.

Поезд машинистининг сўзларига кўра, у темир йўлдан кетаётган пиёдани пайқаган ва унга четга чиқиш сигналини чалган, лекин қайтарма қалпоқда бўлган эркак бунга реакция билдирмаган. Поезд соатига 20 километрдан кўп бўлмаган тезликда ҳаракатлангани айтилади. Фавқулодда тўхташга қарамай, тўқнашув олдини олишнинг имкони бўлмаган.
 
Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирган ва эслатишича, Россиянинг Шимоли-ғарбий федерал округи (Архангелск области, Калининград области, Карелия Республикаси, Коми Республикаси, Ленинград области, Мурманск области, Ненец автоном округи, Новгород области, Псков области, Санкт-Петербург шаҳри, Вологда области) ҳудудида жойлашган фуқаролар зарур вазиятларда мамлакатнинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-965-029-41-49.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид