14:20 / 31.10.2019
0
5704

Экспортёрларга берилаётган имтиёзлар яна бир бор эслатиб ўтилди

Бугун, 31 октябрь куни куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги махсус қарори бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда берилган маълумотларга кўра, экспортёрлар миллий валютада олган кредити фоиз харажатларининг 10 фоизгача бўлган қисми давлат бюджетидан компенсация қилиб берилади. Мисол учун, йиллик 24 фоиз ставкада кредит олинганда унинг қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлган қисми яъни 8 фоизи бўйича харажатлар давлат бюджетидан қопланади. Шунингдек, хорижий валютада олган кредити фоиз харажатларининг 40 фоизи (ставканинг 4 фоизигача) давлат бюджетидан компенсация қилиб берилади.

Агар экспортёрнинг кредит олиш учун гаров таъминоти етишмаса, Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасидан кредит суммасининг 50 фоизигача (4 млрд. сўмгача) қисми учун кафиллик олиши мумкин.

Агентлик томонидан шу кунга қадар 8та халқаро кўргазмада 105 нафар тадбиркор қатнашиши таъминланди ва уларнинг кўргазмаларда қатнашиш билан боғлиқ 2 млрд сўмдан ортиқ бўлган харажатларига молиявий кўмак берилган.

Kun.uz мухбирининг «бу қарордан тадбиркорлар қай даражада фойдаланиши» ҳақидаги саволига Экспорт салоҳияти ва савдо инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Жасур Авезов жавоб берди.

«Шу кунга қадар ўтган вақт давомида 47 нафар экспортёрга 104 млрд сўмлик кредитлари учун компенсациялар тўланди, 4 нафар экспортёрнинг 7 млрд сўмлик кредитига кафиллик қилинди. Бу кўрсаткичлар камлигига сабаб ҳозирча экспортёр тадбиркорларимиз бу имтиёзларда тўлиқ хабардор эмаслигидир. Бу камчиликни бартараф этиш мақсадида ҳозир ҳар бир вилоятда, ҳар бир туманда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги марказий аппаратидан бириктирилган масъул ходимлар ишлашмоқда, экспортёрларга бу имкониятлар бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда», дейди у.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top