Жамият | 14:50 / 03.11.2019
10916
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда илк марта хайрия яриммарафони ўтказилди

Самарқанд шаҳрида «Samarkand half marathon» хайрия яриммарафони илк бор ташкиллаштирилди. Унда 23 давлатдан ташриф буюрган мингдан ортиқ спортчилар, Ўзбекистондаги ташкилотлар ходимлари иштирок этишди.

Мусобақа Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш фонди ташаббуси билан ўтказилди.

Ислом Каримов кўчасида ташкил этилган очилиш тадбирида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов чиқиш қилиб, мусобақа аҳамияти ҳақида гапириб, иштирокчиларга муваффақият тилашди.

Хайрия яриммарафони 2 км, 10 км ва 21,1 км масофаларда ўтказилди. Марафонда спортчилар билан бир қаторда сенаторлар, депутатлар, ишбилармонлар, ҳокимлик вакиллари, журналистлар ва жисмоний имконияти чекланган инсонлар ҳамда шунчаки спорт ихлосмандлари қатнашишди. Марафонда иштирок этган аёллар ўртасида энг ёши улуғ спортчи 72 ёшли Амегульсим Мусилманова, эркаклар ўртасида эса 74 ёшли Гелман Қосимов бўлди.

Аёллар ўртасидаги мусобақада Нурхон Муҳиддинова ғолиб чиқди. Эркаклар ўртасида эса сурхондарёлик спортчи Шоҳрух Давлатов маррага биринчи келди.

10 км масофага ўтказилган югуриш мусобақасида қозоғистонлик Дмитрий Иванчуков биринчи, ўзбекистонлик Евгений Фадеев иккинчи, қоғоғистонлик Михаил Крассилов учинчи бўлди.

Аёллар ўртасида ҳам қозоғистонлик спортчи Татьяна Нерознак маррани биринчи бўлиб кесиб ўтди. Ўзбекистонлик Зарнигор Худойбердиева ва Марина Хмелевская совриндорлар қаторидан жой олишди.

Ўз мухбиримиз 

Мавзуга оид