12:57 / 06.11.2019
0
22122

Автоголлар, пенальтилар, қизил карточкалар ва драма. Лондонда аномал футбол

Чемпионлар лигасининг 4-тури доирасида «Стэмофрд Бриж»даги баҳс илк дақиқаларданоқ ақлсизлик билан бошланди. Ўйиннинг 4-дақиқасидаёқ стадион таблосида «1:1» рақамлари порлаб турарди.

Биринчи бўлим статистикасига ўйинда голлар кўп бўлиши мос эмасди. Икки жамоа учун жами 6та зарба, 3таси аниқ (2та «Челси»да, 1та «Аякс»да).

Лекин «Аякс» 3:1 ҳисобида олдинда эди! Иккита автогол бу ўйин ноодатий ўйинлардан бўлишини кўрсатаётганди.

«Аякс»нинг 1-голи: Квинси Промес чап қанотдан жарима зарбасини ижро этди; Абраҳам тўпни узоқлаштириш мақсадида сакради, аммо тўп рикошет орқали Кепа қўриқлаётган дарвозага бориб тушди. Дарвоқе, бу «Челси»нинг жорий мавсумдаги энг яхши тўпурарининг иккинчи автоголидир;
«Челси»нинг 1-голи: Пулишич рақиб жарима майдонига ёриб кирганида қўполлик билан тўхтатилди, ҳакам нуқтани кўрсатди. Штатдаги пенальтичи Жоржиньо ўз услубида дарвоза бурчаги томон аниқ зарба йўллаб, ҳисобни тенглаштирди.
«Аякс»нинг 2-голи: Зиёш ва Нерес ўнг қанотдан комбинация уюштирди, кейин марокашлик бирдан тўпни узоқ бурчак томон ташлади – Промес сакраб тўпни бош билан дарвоза тўрига жойлади;
«Аякс»нинг 3-голи: Зиёш ўнг қанотдан жарима зарбасини ижро этди – яна узоқ бурчак томон йўналтирилган тўп тўсиндан қайтиб Кепанинг бошига тегди ва яна дарвоза ичига кириб кетди. 

«Челси» биринчи марта ЕЧЛ ўйинида биринчи бўлимдаёқ ўз дарвозасидан 3 гол ўтказди. 

Иккинчи бўлимда кўп ақлсизликлар бўлиб ўтди.

55-дақиқа: ван де Бек жарима майдони ҳудудида тўпни тўхтатди (бу сафар ҳам Зиёш пас муаллифи) ва Кепани ожиз қолдирди. 1:4. Барчасига нуқта қўйилгандек эди.

63-дақиқа: «Челси» камбэкни бошлади. «Старт» тугмасини жамоа сардори Аспиликуэта босди, Абраҳамнинг зарбаси бироз хато кетаётгандек кўринганида испаниялик футболчи тўпга улгурди ва бир метр масофадан бўш қолган дарвозани ишғол қилди. Бу вақтдаги минимал офсайдни ҳеч ким сезмади, амстердамликлар ҳисоб 4:1 бўлиб турган вазиятда ортиқча баҳслашиб ўтиришмади. Энди ҳисоб 2:4 эди.

68-дақиқа: Чемпионлар лигасининг бу мавсумидаги энг сюрреалистик 10 сония. «Челси»нинг бир ҳужумида «Аякс»нинг икки нафар марказий ҳимоячисига қизил кўрсатилди ва дарвозасига пенальти белгиланди. Аввалига Жоржиньо очиқдан-очиқ ван де Бекни йиқитди, шундан кейинги вазиятда Блинд аввалига Пулишичга, кейин Абраҳамга қўполлик билан ташланди, тўп барибир лондонликларда қолгани туфайли учрашув ҳаками Жанлука Рокки ўйинни давом эттиришга рухсат берди, ҳужум якунида Ҳадсон-Одоининг зарбаси жарима майдони ичидаги Велтманнинг қўлига тегди. Рокки Жоржиньонинг қўполлигига эътибор қаратмади, Блиндга кечиктирилган фол учун иккинчи сариқ карточкани кўрсатди ва меҳмонлар дарвозасига пенальти белгилади, норозилик билдирган Вельтманга ҳам иккинчи сариқ карточка кўрсатди ва у Блинд билан бирга майдонни тарк этди.

Блинд майдонни тарк этар экан Жоржиньонинг биринчи фоли билан боғлиқ ҳолатни кўриб чиқишни қаттиқ илтимос қилди, аммо уни қаттиққўллик билан кийим алмаштириш хонасига ҳайдашди. Ҳолбуки такрорий лавҳаларда биринчи қўполлик кейингиларига йўл очгани яққол кўриниб турганди.

71-дақиқа: Жоржиньо ўйинда иккинчи марта пенальтини аниқ ижро этди – 3:4. «Аякс» қолган 20 дақиқада 9 киши бўлиб ҳаракат қилиши керак эди.

74-дақиқа: бу ўйин шунчаки «Челси»ни қутқаришга дастурлангандек эди. Танаффусда ўйинга қўшилган Рис Жеймс Абраҳамнинг зарбасидан кейин тўсиндан қайтган тўпга қайта зарба бериб, ҳисобни тенглаштирди. У «Челси»нинг ЕЧЛда гол урган энг ёш футболчиси бўлди (19 ёшу 332 кунлик).

Кейин Аспиликуэта «Челси» бешинчи голини ҳам урди, лекин бу гол қувончи узоққа чўзилмади (VAR ҳужум давомида Абраҳам қўли билан ўйнаганини қайд этди).

«Аякс» эса икки киши кам ҳолатида ҳам ҳужум кетидан ҳужум уюштириб, голли вазиятлар яратди. Ҳайратланарли статистика: «Аякс» ўйиндаги дарвозага аниқ борган 5та зарбасидан 3тасини икки футболчиси майдондан чиқиб кетганидан кейин йўллаган! 

Яна қайтадан ҳисоблаймиз: 8 гол, икки автогол, икки пенальти, икки четлатиш, камбэк, видеотакрор орқали бекор қилинган гол. Ақл бовар қилмайди!

Бу ўйин барчани 3-4 гол фарқи билан ортда қолиш ҳам ҳали ҳеч нарсани англатмайдиган болалик футболига қайтарди. Бундай ўйинлар билан катта турнирларда ғолиб чиқилмаслиги мумкин, аммо мухлислар қалби забт этилади. «Аякс» ўтган йилги ўйинларини давом эттирмоқда, де Йонг ва де Лигт йўқ, аммо деярли ҳеч нарса ўзгармаган. Ван де Бек чарчоқ нелигини билмайди, Зиёшнинг чап оёғи барчани ҳайратга солишда давом этмоқда, Промес эса Испаниядаги омадсиз мавсумдан кейин ўз ватанида яна ёрқин футбол намойиш этмоқда. Бу ҳақиқий истеъдодлар фермаси.

«Челси» эса бу жамоанинг эгизагига айлангандек. ФИФА санкциялари ва Азарнинг кетиши бу жамоанинг қаддини бука олмади, жамоа афсонаси чемпионшипдаги бир мавсумда катта тажриба тўплади ва жонажон жамоасида ёш тарбияланувчиларга имкон беришдан чўчимай кучли жамоа барпо этмоқда. Бу мураббийни Кантенинг жароҳати ҳам, икки марказий ҳимоячи - Рюдигер ва Кристиансен бир вақтда сафдан чиқиши ҳам тўхтата олмади, у Абраҳам, Маунт, Томори ва Жеймс каби янги номлар билан янги гвардияни майдонга ташламоқда.

Бироз аввалроқ Гари Линекер лондонликлар ўйини ҳақида шундай деганди: «Улар шундай футбол ўйнашмоқдаки, кўриб одамнинг сўлаги оқади». У бу пайтда ҳали «Челси» ва Эрик тен Ҳаагнинг «Аякс»и ўртасида қандай ўйин бўлиб ўтишини билмасди.

«Мен ўйин ҳақида гапира олмайман. Ақлдан оздирадиган ўйин бўлди. Биз одамларнинг кўнгил очиши учун ўйнаймиз. Томоша қилган ҳар бир киши «Бу футбол» деб айтиши керак. Биз хавфли ҳужумлар қилдик ва мен кучайиб бораётганимизни ҳис қилдим. Умуман олганда, мамнун эмасман. Бу – Чемпионлар Лигаси, биз жуда кўп хатоларга йўл қўйдик.

Энг катта завқ – стадионнинг кайфияти. Қизил карточкалар ҳақида гапира олмайман... Танаффусда дурангга рози эдим, болаларга 3:3 ёки 4:4 қиламиз дедим. Аммо ўйин охирида ғалаба қозониш истаги пайдо бўлди. Тахминан 10 дақиқа қўшиб берилишини кутгандим, нега 4 дақиқа қўшилганини билмайман», – дея ўз ҳолатини ифодалади ўйиндан кейин Фрэнк Лэмпард.

Лэмпард балки ғалабага ҳақли бўлгандир, аммо «Аякс» мағлубиятга учраши ноҳақлик бўларди. 9 киши бўлиб ҳам ҳисобни ушлаб қолишга интилмаган ва қолган бор кучи билан ҳужумга ўтган жамоа ҳақида нима дейиш мумкин - бу ҳақиқий футбол. Чин дилдан футбол ўйнаш. Бундай манзарани Чемпионлар лигасида кўриш - бебаҳо ҳолат.

• Энди гуруҳдаги уч жамоада – «Аякс», «Челси» ва «Валенсия»да – 7тадан очко. Кейинги турда «Челси» «Месталья»да, «Аякс» – Францияда меҳмон бўлади.

• ЕЧЛ тарихида 4 марта йирик дуранг қайд этилган, шундан иккитаси «Челси» иштирокида: 2009 йил апрелида лондонликлар «Ливерпуль»да ирода кўрсатишган, Лэмпард ўшанда иккита гол урганди.

• «Челси» – ЕЧЛда учта гол фарқини йўққа чиқарган учинчи инглиз клуби. Сўнгги марта бунга Истанбулдаги финалда «Ливерпуль» эришганди.

H гуруҳи
«Челси» — «Аякс» — 4:4

Голлар: Жоржинью, 5, пенальти, 71, пенальти. Аспиликуэта, 63. Жеймс, 74 — Эбрахам, 2, автогол. Промес, 20. Аррисабалага, 35, автогол. ван де Бек, 55).
Челси – Аррисабалага, Аспиликуэта, Зума, Томори, Алонсо (Джеймс, 46), Ковачич (Батшуайи, 87), Жоржиньо, Маунт (Хадсон-Одои, 60), Виллиан, Абраҳам, Пулишич.
Аякс – Онана, Мазрауи, Велтман, Блинд, Тальяфико, ван де Бек, Мартинес, Нерес (Схюрс, 72), Зиёш (Альварес, 72), Промес, Тадич.
Огоҳлантиришлар: Велтман (31), Блинд (33), Томори (42), Аспиликуэта (45), Промес (62).
Четлатишлар: Блинд (68), Велтман (69).

«Валенсия» — «Лилль» — 4:1 (Парехо, 66, пенальти. Сумаро, 82, автогол. Кондогбия, 84. Ферран Торрес, 90 — Осимхен, 25).

27 ноябрь. «Валенсия» — «Челси», «Лилль» — «Аякс».

E гуруҳи
«Наполи» — «Зальцбург» — 1:1
 (Лосано, 44.- Ҳоланд, 11, пенальти).

«Ливерпуль» — «Генк» — 2:1 (Вейналдум, 14. Окслейд-Чемберлен, 53 — Самата, 41).

27 ноябрь. «Ливерпуль» — «Наполи», «Генк» — «Зальцбург».

F гуруҳи
«Барселона» — «Славия» — 0:0.
«Боруссия Д» — «Интер» — 3:2 (Ҳакими, 51, 77. Брандт, 64 — Бираги, 5. Весино, 40).

27 ноябрь. «Барселона» — «Боруссия Д», «Славия Пр» — «Интер».

G гуруҳи
«Зенит» — «Лейпциг» — 0:2 (Демме, 45+5. Забитцер, 63).

«Лион» — «Бенфика» — 3:1 (Андерсен, 4. Депай, 33. Б.Траоре, 89 — Сеферович, 78).

27 ноябрь. «Лейпциг» — «Бенфика», «Зенит» — «Лион».

Мавзу
Европа Чемпионлар Лигаси
12 сентябрдан Европа Чемпионлар Лигасида янги мавсум старт олди. 8 гуруҳда 4тадан жамоа кузги баҳсларга киришди.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top