Ўзбекистон | 10:27 / 07.11.2019
10091
5 дақиқада ўқилади

«Баркамол авлод» болалар мактаблари ходимларининг ойлиги оширилади

Халқ таълими вазирлиги тизимидаги мактабдан ташқари таълим тизимининг ҳуқуқий ва ташкилий асослари такомиллаштирилади. Ҳукуматнинг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб:

“Баркамол авлод” болалар мактаблари ходимларининг базавий тариф ставкалари - директор ва директор ўринбосарлари учун 1,55 бараварга, тўгарак раҳбари учун 1,5 бараварга оширилади;

“Баркамол авлод” болалар мактаблари инструктор-услубчилари ва услубчиларнинг базавий тариф ставкалари миқдорлари тўгарак раҳбарлари базавий тариф ставкалари миқдорига тенглаштирилади, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби базавий тариф ставкаларидан келиб чиқиб амалга оширилади;

“Баркамол авлод” болалар мактабларини махсус асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминлаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида “Таълим” соҳаси учун ажратилган маблағлар доирасида ва “Баркамол авлод” болалар мактабларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирига:

“Баркамол авлод” болалар мактаблари ва “Болалар кутубхоналари” тасдиқланган тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш;

халқ таълими тизимидаги умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари учун ўқувчиларнинг муҳандислик, робототехника, мехатроника ва дастурий таъминот йўналишлари бўйича ўқув машғулотларда фойдаланиш ҳамда инновацион ишланмаларни амалга ошириш юзасидан республикада ишлаб чиқарилмайдиган, хориждан олиб келинадиган хом ашёлар ва жиҳозлар рўйхатини тасдиқлаш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги:

Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби, “Баркамол авлод” болалар мактаблари, Республика “Болалар кутубхонаси”, “Болалар кутубхоналари”ни юқори малакали мутахассислар (тўгарак раҳбарлари, кутубхоначилари, инструктор-услубчилари, услубчилар ва бошқа) билан таъминлаш чораларини кўради;

Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда А. Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг Мактабдан ташқари таълим тизими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш кафедраси томонидан ҳар йили нуфузли хорижий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини жалб этиш орқали, улар иштирокида анжуманлар, вебинар, амалий маҳорат ва намунали ўқув дарсларини ўтказади ҳамда ўқув ва илмий-тадқиқот ишлари юзасидан ҳамкорлик ўрнатади;

мактабдан ташқари таълим муассасаларидаги таълим-тарбия жараёни сифатини тизимли назорат қилиш ва фаолиятини ташкил қилиш мониторингини амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 мартга қадар 2020-2021 ўқув йили учун халқ таълими соҳасида бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда олий таълим муассасаларида “Кутубхоначилик” йўналиши бўйича ажратиладиган квоталар сонини оширишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

“Баркамол авлод” болалар мактаблари, “Болалар сайёҳлик базалари” ва “Болалар кутубхоналари”ни янгидан қуриш учун майдонларни танлашда тасдиқланган меъёр ва параметрларга мувофиқ, қоида тариқасида, туман ва шаҳарларнинг марказида, турар-жой массивларида жойлаштирилишини ҳисобга олади;

тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда умумтаълим муассасалари кутубхоналарининг моддий-техник базасини яхшилаш бўйича 5 та муҳим ташаббус доирасида зарур бўлган жиҳозлар билан таъминлаш чораларини кўради;

2020 - 2022 йилларда болалар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш мақсадида кўчма кутубхоналар (библиотека) фаолиятини йўлга қўйиш чораларини кўради.

Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, 200 ўринли “Болалар сайёҳлик базаси”ни қуриш ва жиҳозлаш билан боғлиқ ишларнинг бажарилиши бўйича қуйидагилар:

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Халқ таълими соҳасида лойиҳа ҳужжатларига техник топшириқларни ишлаб чиқиш ва қурилиш объектлари сифатини мониторинг қилиш бўйича инжиниринг компанияси” ДУК — буюртмачи;

“Рrime Tower Group” МЧЖ — бош лойиҳа ташкилоти;

истисно тариқасида, “Халқ таълими соҳасида лойиҳа ҳужжатларига техник топшириқларни ишлаб чиқиш ва қурилиш объектлари сифатини мониторинг қилиш бўйича инжиниринг компанияси” ДУКга танлов (тендер) савдоларини ташкиллаштирмасдан энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан юқори салоҳиятга эга бўлган бош пудратчи ташкилотини белгилаш ҳуқуқи берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид