Ўзбекистон | 13:40 / 13.11.2019
22366
2 дақиқада ўқилади

Олимжон Тўйчиев инновацион ривожланиш вазирига ўринбосар этиб тайинланди

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 12 ноябрдаги ПҚ-4517-сонли қарори билан Олимжон Алижонович Тўйчиев инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

О. Тўйчиев Инновацион ривожланиш вазирлигида бошқарма бошлиғи ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати директори сифатида фаолият юритиб келаётганди.

Олимжон Тўйчиев 1991 йил Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида туғилган. Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида 2015 йил машинасозлик муҳандиси мутахассислиги бўйича бакалавр даражаси ва 2017 йили мехатроника йўналиши бўйича магистрлик даражасига эга бўлган. 2016-2017 йилларда Германиянинг Ҳофенҳайм университетида ҳам таҳсил олган.

Шунингдек, у 2013 йил овоз орқали масофадан бошқарилиб, турли топшириқларни бажарадиган, ўзбек тилини тушунадиган биринчи роботни яратиб, фан ва техника соҳасида, айниқса, робототехника соҳасини ёшлар ўртасида кенг кўламда оммалаштириш йўлида қўшган ҳиссаси учун “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

2017 йил Олимжон Тўйчиев “Камолот” ЁИҲ қурултойида Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан Фан ва технологиялар агентлиги бош директорининг ўринбосари этиб тайинланган эди.

Мавзуга оид