Ўзбекистон | 08:45 / 13.11.2019
3364
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Туристик бренд элчилари халқаро форуми ўтказилади

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Жорий йилнинг 13 ноябрь куни ўз ишини бошлайдиган “Ипак йўлида туризм” XXV Тошкент халқаро туристик кўргазмаси доирасида Ўзбекистон Республикасининг туризм бренди элчилари халқаро форуми бўлиб ўтади.   

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабарига кўра, халқаро форумда Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги туристик бренд элчиси – машҳур актёр Юрий Стоянов, Исроилдаги туристик бренд элчиси – таниқли актёр, “Ханда” театри бадиий раҳбари Хай Давидов, Қозоғистондан – Лаззат Аханова ҳамда Буюк Британиядан – нуфузли маркетолог Софи Ибботсон иштирок этади.   

Таъкидланишича, Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришга доир муҳим чоралардан бири хорижий мамлакатларда туристик бренд элчилари институтининг жорий қилиниши бўлди.   

Шу кунга қадар ўз мамлакатларида таниқли бўлган шахслар, жамоат арбоблари туристик бренд элчилари мақомини қўлга киритишган.   

Элчилар фаолиятининг асосий йўналиши Ўзбекистон туристик салоҳиятини тарғиб қилиш ҳамда республиканинг танилишини ошириш ҳисобланади.   

Ўзбекистон туристик бренд элчилари халқаро форуми мамлакатда биринчи марта ўтказилаётгани билан ҳам аҳамиятли экани айтилади.  

Шу кунга қадар Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги туристик брендлари сони 14 нафарни ташкил қилади: 

Россия – Юрий Стоянов; 
Исроил – Хай Давидов; 
Қозоғистон – Лаззат Аханова; 
Буюк Британия – Софи Ибботсон; 
Покистон – Қосим Али-Шох; 
Австрия – Гертруда Таухаммер; 
Индонезия – Эко Сри Маргианти; 
Малайзия – Далер Юсуф; 
Ҳиндистон – Риту Бери; 
Корея Республикаси – Ли Енг Е; 
Малайзия – Моҳд Асри Заин-ул Абидин;
Сингапур – Филлип Тан Енг Сеонг; 
Япония – Ацуко Маеда; 
Франция – Жерар Депардье.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид