Ўзбекистон | 11:27 / 14.11.2019
11324
4 дақиқада ўқилади

Вазирлар Маҳкамаси Олтинсой тумани бўйича қарор қабул қилади

Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш режалаштириляпти.

Вазирлар Маҳкамасининг “2020- 2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар, хўжалик бошқаруви органлари ва тижорат банклари томонидан ишлаб чиқилган 2019-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури маъқулланади.

Қуйидагилар Дастурни амалга оширишнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланади:

туманни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳолининг, хусусан хотин-қизлар, ёшлар ва кам таъминланган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромадларини ва турмуш даражасини ошириш;

туманда мева ва сабзавот ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, самарасиз, эскирган боғ ва токзорларни янгилаш, агрокластерлар ташкил этиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ошириш;

янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш орқали саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш;

аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, шу жумладан, ички йўлларни ва ижтимоий соҳа объектларини реконструкция қилиш ва қайта таъмирлаш, аҳолининг тоза ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси билан таъминланганлик даражасини ошириш;

суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва уларни қайта ишлаш даражасини ошириш ишларини жадал ривожлантириш;

туманнинг меъморий қиёфасини тубдан ўзгартириш ҳамда ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш.

Сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Олтинсой туманининг Хидиршо ва Обшир маҳалла фуқаролар йиғини марказига “Хазирбоғ” каналидан 250-300 л/сек сув чиқариш учун 2020 йил 1-чорагида сув чиқариш насос станцияси қурилишини давлат дастурига киритиш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки боғдорчилик ва узумчилик фермер хўжаликлари ҳамда кичик бизнес субъектларига қулай банк хизматлари кўрсатишга шароит яратиш мақсадида туманда ДАТБ Асака банки, ТИФ Миллий банки ва АТБ Микрокредит банк филиалларини ташкил этади.

“Давергеодезкадастр” қўмитаси:

Дастурига киритилган лойиҳаларга истисно тариқасида тўғридан-тўғри (аукционсиз) ер майдони ажратишга рухсат беради;

туман маркази бош режасида кўп қаватли уй жойлар, саноат зонаси, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш нуқталари қурилиши учун мўлжалланган қишлоқ хўжалиги харитасидаги 331-контурдаги 2,9 гектар, 336 контурдаги 3,9 гектар, 331-контурдаги 2,9 гектар, 336-контурдаги 3,9 гектар, 345-контурдаги 3,5 гектар, 475-контурдаги 3,6 гектар ҳамда 262 контурдаги 3,0 гектар жами 16,9 гектар ер майдонини қишлоқ хўжалиги ер фонди балансидан чиқаради.

Автомобиль йўллари қўмитаси туман марказидан ўтувчи ва асосий йўл ҳисобланадиган Мустақиллик кўчасини 4,2 км қисмини умумфойдаланувдаги автомобиль йўллари туркумига киритади.

Сув хўжалиги вазирлиги “Ҳазарбоғ-Оққапчиғай” каналининг “Ислом тараққиёт банки” маблағлари ҳисобидан реконструкция қилинаётганлигини инобатга олиб, каналнинг туман марказидан ўтадиган қисмидаги мавжуд кўприкларни замонавий лойиҳалар асосида реконструкция қилишни ҳамда республика Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 5 қаватли 150 ўринли замонавий санаторий қурилаётганлиги сабабли аҳоли ва транспорт воситаларини ўтиб қайтиши ҳамда инфратузилмани яхшилаш мақсадида “Ҳазарбоғ-Оққапчиғай каналлари тизимини қайта ишлаш” лойиҳасига кўприк қурилишини қўшимча равишда киритади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид