16:09 / 15.11.2019
0
14471

Жиззахда ЙТҲ: 32 ёшли фуқаро ва 3 ёшли бола ҳалок бўлди

Фото: Тергов департаменти

Жиззах вилоятида юз берган ЙТҲ оқибатида Cobalt русумли автомашина ёниб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилмоқда.

Аниқланишича, 2019 йил 14 ноябрь куни тахминан соат 03:50ларда 25 ёшли М.Т. бошқарувидаги Cobalt русумли автомашинасида Жиззах вилояти ҳудудидан ўтувчи «Тошкент-Термиз» М-39 автомобиль йўлининг 956-км.да, Тошкент йўналишидан Термиз йўналишига тиркамаси билан қайрилиб олаётган 34 ёшли ҳайдовчи А.Н.нинг бошқарувидаги MAN русумли юк машинасига келиб урилиб, йўл транспорт ҳодисаси содир этган. 

Хабарда айтилишича, ЙТҲ вақтида Cobalt русумли автомашинасида ёнғин келиб чиқиши оқибатида автомобиль тўлиқ ёниб кетган.

Натижада, Cobalt автомашинаси йўловчилари 32 ёшли С.Е. ҳодиса жойида, вояга етмаган 3 ёшли А.А. эса Сардоба туман тиббиёт бирлашмасида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этганлар. Ҳайдовчи М.Т. турли тан жароҳатлари билан Пахтакор тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига олиб келган, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, натижасига кўра қўшимча ахборот берилади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top