Ўзбекистон | 14:06 / 19.11.2019
7389
2 дақиқада ўқилади

ТИВ Петербургда Ўзбекистон фуқаросига ҳужум қилинганини тасдиқлади

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси 2019 йил 11 ноябрь куни Красногвардейский туманида 3 нафар шахс Ўзбекистон фуқароси Д.Й.га ҳужум қилиб, уни уриб, пичоқ билан бир неча бор жароҳатлагани ва соғлигига жиддий зарар етказгани ҳамда унинг телефон ва пулларини тортиб олгани тўғрисида тарқалган хабарни тасдиқлади.

ТИВ хабарига кўра, ҳамюртимиз Санкт-Петербург шаҳридаги Александр шифохонасига жойлаштирилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан олинган расмий маълумотга биноан мазкур ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилган, терговчиларнинг ва полиция ходимларининг тизимли фаолияти натижасида ушбу жиноятни содир этганликда гумонланаётганлар тезкорлик билан аниқланди ва қўлга олинди. Тергов тадбирлари давом этмоқда.

Бош консулхона вазиятни ўз назоратига олгани айтилади.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти Россиянинг Шимоли-ғарбий федерал округи (Архангелск области, Калининград области, Карелия Республикаси, Коми Республикаси, Ленинград области, Мурманск области, Ненец автоном округи, Новгород области, Псков области, Санкт-Петербург шаҳри, Вологда области) ҳудудида бўлиб турган фуқаролар зарур вазиятларда мамлакатнинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган: +7-965-029-41-49.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид