16:20 / 29.11.2019
0
17463

Бола асраб олмоқчимисиз? Унда тутинган ота-оналар курсида ўқинг

Жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб ҳар бир вилоятдаги мавжуд Меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчаларида тутинган ота-оналарни тайёрлаш курслари йўлга қўйилди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрда қабул қилинган «Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришнинг муқобил шаклларини танлаш, оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий етимликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан қонунийлаштирилди.

Янги тартиб борасида фуқароларда туғилаётган турли саволларга жавоб топиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги бош мутахассиси Ўлмасбек Камолов билан суҳбатлашдик.

Курсларнинг вазифаси нима?

- тутинган ота-оналарни етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялаш, парвариш ва соғлиғини муҳофаза қилиш, унинг ижтимоийлашуви, таълими ва ҳар томонлама ривожланиши учун қулай шароитларни яратиш билан боғлиқ ота-оналик салоҳиятини шакллантириш;

- тутинган ота-оналарнинг болани оилага қабул қилишга тайёрлик даражасини аниқлаш, болани оилага қабул қилиш шаклини танлашга ёрдам бериш, уларнинг болалар психологияси ва педагогикаси соҳасидаги билим ҳамда амалий кўникмаларини ривожлантириш.

Кимлар тингловчи бўла олади?

Юқоридаги қарор мазкур йўналишдаги ҳуқуқий асосларни ҳамда етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ижтимоий етимликни камайтириш механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Курслар етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага тарбияга (патронат) олаётган ёки оилавий болалар уйига қабул қилаётган шахслар (тутинган ота-оналар) учун мўлжалланган. Ота-оналар Меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчалари директори номига ариза билан мурожаат қилади. Ариза уч иш кунида кўриб чиқилади ва тегишли буйруқ билан расмийлаштирилади.

Тайёрлов курсларининг фаолияти Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва давлат тарбия муассасаси – Меҳрибонлик уйлари, болалар шаҳарчалари раҳбарияти томонидан мувофиқлаштирилади.

Курслар оила ва болаларга хизматлар кўрсатувчи бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлар, жисмоний шахслар томонидан ҳам ташкил этилиши мумкин. Тайёрлов курсларининг фаолияти васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан назорат қилинади.

Машғулотлар қай тартибда ўтилади?

Тингловчилар 72 соатлик ўқув дастури бўйича ишдан ажралмаган ҳолда бепул ўқитилади. Машғулотлар вақти тингловчиларнинг ўзаро розилиги ва муассаса раҳбарияти билан келишилган ҳолда ўтказилади.

Ўқув жараёни 5 нафардан 22 кишигача бўлган академик гуруҳларда маъруза, семинар, амалий ва кўчма машғулот, тажриба алмашиш тарзида олиб борилади. Дарсларни ўтказиш учун тегишли тармоқ вазирликлари, идоралар ва ташкилотларнинг ижтимоий ишлар соҳасида тутинган ота-оналарни маслаҳат ёрдами, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик-педагогик, тиббий жиҳатдан комплекс қўллаб-қувватлашни таъминловчи мутахассислари ҳамда давлат тарбия муассасаларининг ижтимоий-психологик-педагогик кўмаклашув хизмати ходимлари жалб этилади.

Тингловчиларнинг давомати ва ўзлаштиришини қайд этадиган гуруҳ журнали юритилади. Узрли сабаблар билан ўқишни давом эттира олмайдиган ота-оналар ўз аризасига асосан, узрсиз сабаблар туфайли 30 соатдан кўпроқ машғулотларда қатнашмаганлар эса муассаса директори буйруғи билан тингловчилар сафидан чиқарилади.

Курсларда тингловчиларнинг билими суҳбат асосида баҳоланади. Мазкур жараён 3-5 кишидан иборат комиссия аъзолари иштирокида бўлиб ўтади. Баҳолаш пайтида узрли сабаб билан қатнашмаган ота-оналар навбатдаги гуруҳ тингловчилари билан биргаликда иштирок этишади. Курсларни тамомлаганларга сертификат берилади. Агар фуқаролар 3 йил давомида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялаш учун оилага қабул қилмаса, сертификат ўз кучини йўқотади. Ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг курсдан қайта ўтиш лозим бўлади.

2020 йил 1 январдан бошлаб тутинган ота-оналар тайёрлов курсларини тамомлаганлик тўғрисидаги ҳужжати мавжуд бўлган фуқаролар орасидан танланади.

Кимлар ўқиши ман этилган?

- суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;

- суд томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланган шахслар;

- қонун билан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни лозим даражада бажармагани учун васийлик ёки ҳомийлик вазифаларини бажаришдан четлаштирилган шахслар;

- мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаганлиги ёки уларни лозим даражада бажармаганлиги, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилганлиги, фарзандликка олинувчиларга нисбатан шафқатсизлик билан муомалада бўлганлиги, сурункали ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка ружу қўйган шахслар;

- аввал қасддан қилинган жиноятлари учун ҳукм қилинган шахслар;

- соғлиғи туфайли бола тарбиялаш мажбуриятини бажара олмайдиган шахслар ушбу курсларда тингловчи бўлолмайди.

Бир нафар бола учун қанча нафақа белгиланган?

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 11 февралда имзоланган «Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб оилага тарбияга олинган (патронат) ҳар бир бола учун тўланадиган нафақа миқдори 1,33 баробарга оширилиб, 820 000 сўмни ташкил қилади. Бу сумма кейинчалик инфляция ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда ошириб борилади.

Миролим ИСАЖОНОВ ёзиб олди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top