Ўзбекистон | 14:42 / 10.12.2019
6159
3 дақиқада ўқилади

Сенатнинг 25-ялпи мажлиси 14 декабрь куни чақирилади

Фото: KUN.UZ

2019 йил 10 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.

Сенат ахборот хизматига кўра, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисини жорий йил 14 декабрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ялпи мажлисда сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги, “Давлат божи тўғрисида”ги, “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги, “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини муҳокама қиладилар.

Бундан ташқари, Сенат аъзолари нотариат тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши, баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутадиган қонунларни кўриб чиқади.

Сенаторлар Сурхондарё вилояти Термиз туманининг чегарасини ўзгартириш, Термиз шаҳрининг чегарасини кенгайтириш ҳамда уларнинг чегараларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалага ҳам эътибор қаратади.
 
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти, шунингдек Навоий вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи эшитилади.

Сенаторлар сув объектларига оқинди сувларни оқизиш билан боғлиқ муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини ҳам муҳокама қилади.

Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва девонининг йигирма бешинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишларини мувофиқлаштириш мақсадида ишчи гуруҳ тузилди.

Кенгаш томонидан Сенат қўмиталарига ялпи мажлисда муҳокама учун масалаларни тайёрлашда ҳудудий манфаатларни ҳимоя қилиш, ҳудудлар аҳолисини ташвишга солаётган муаммоларни очиб бериш, шунингдек уларни ҳал этиш бўйича ижро ҳокимияти органлари учун аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид