Ўзбекистон | 22:44 / 13.12.2019
6546
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяда ҳам муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланди

12 декабрдан Жанубий Кореянинг бир қатор шаҳарларида Ўзбекистондаги вакиллик органлари депутатлигига муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланди.

Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси қошида 42-сонли сайлов участкаси очилди, деб хабар бермоқда Kun.uz'нинг Жанубий Кореядаги мухбири.

Элчихона ходимлари ва Ўзбекистон Меҳнат ва бандлик вазирлиги вакилларидан иборат комиссия аъзолари Жанубий Кореянинг айрим шаҳарларида бўлиб, кўчма қути орқали овоз бериш жараёнларини ташкил этишмоқда.

Жумладан, 12 декабрь куни Сеул шаҳридаги Сежонг университетида муддатидан аввал овоз бериш ташкил этилди. Унда ушбу олийгоҳда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар иштирок этишди.

13 декабрь куни эса Инчеон шаҳридаги Инҳа университетида ҳам сайловолди овоз бериш жараёни бўлиб ўтди. Унда нафақат университет талабалари, балки шу шаҳарда яшаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳам қатнашди.

Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган ўзбекистонликларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида муддатидан олдинги сайловлар мамлакатнинг Ансан, Тэгу, Гимхе, Квангжу ва бошқа шаҳарларида ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид