Ўзбекистон | 08:05 / 14.12.2019
20977
3 дақиқада ўқилади

Парламент ҳукумат қарорларини бекор қила олиши керак – Расул Кушербаев

Фото: KUN.UZ

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тим Торлотнинг фикрича, бутун дунёда фуқароларнинг сиёсатчиларга ишончи камайиб бормоқда.

Инглиз элчиси Ўзбекистон сиёсий партиялари вакиллари билан кечган учрашувда шу ҳақда гапириб, янги сайланадиган парламент одамлар ишончини қозониш учун нималар қилиши кераклиги бўйича уларнинг фикрлари билан қизиқди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Расул Кушербаев бу борада аниқ таклифларга эгалигини билдирди.

«Одамларнинг турмушига тўғридан тўғри таъсир қиладиган норматив ҳужжатларни қабул қилиш ваколатини ҳукуматдан, бошқа идоралардан олиб, парламентга қайтиб беришимиз керак.

Ижтимоий соҳада, мисол учун, соғлиқни сақлаш, таълим ёки йўл ҳаракати қоидаларидаги ўзгаришлар ҳаммамизга таъсир қилади. Коммунал соҳада нархларнинг ошиши, тарифларнинг белгиланиши ва ҳоказолар ҳам.

Бу жараёнлар бўйича ваколатни парламент олиши керак. Фақатгина парламент қонун қабул қилиб ўзгартирсин. Ҳаммани қийнайдиган қарорларни ҳукумат ёки қайсидир идора ўзи келишиб, адлиядан рўйхатдан ўтказиб, кучга киритиб олмасин.

Шу вақтгача шу ишларни парламент эмас, ижро ҳокимияти амалга ошириб келгани учун ҳам одамлар парламентнинг ўрнини ҳар доим ҳам сезаверишмаган. Чунки уларни доим безовта қилаётган масалаларни ҳал қилиш билан парламент шуғулланмаган. Шунинг учун сайловларда ҳам шундай фикр кузатилаётган бўлиши мумкин», – деди депутат.

Унинг ҳисоблашича, ҳукуматнинг бир қатор ваколатларини чеклаш ва парламентга бериш, буни вилоят ва туман миқёсида ҳам амалга ошириш, ҳокимларнинг маҳаллий депутатлик кенгаши раиси сифатидаги фаолиятига чек қўйиш, уларнинг депутатлар олдида вақти-вақти билан босқичма-босқич тўлиқ ҳисоб бериш тизимига ўтиш лозим.

«Парламентда ижро ҳокимиятининг ҳар бир қарори ижросини тўхтатиб қўйиш ёки бекор қилиш ваколати бўлиши керак. Ана шунда қандайдир ўзгариш бўлади», – дея таъкидлади Кушербаев.

Расул Кушербаев, шунингдек, журналистга босим ўтказганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши ва туман депутатларига ҳокимни ишдан бўшатиш ҳуқуқини бериш кераклиги ҳақида ҳам гапириб ўтди.

Мавзуга оид