Ўзбекистон | 17:40 / 14.12.2019
19135
2 дақиқада ўқилади

Термиз шаҳри чегараси кенгаймоқда

Сенатнинг 25-ялпи мажлисида Сурхондарё вилояти Термиз туманининг чегарасини ўзгартириш, Термиз шаҳрининг чегарасини кенгайтириш ҳамда уларнинг чегараларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Сенатор Суюн Абдиев маъруза қилди. Унинг сўзларига кўра, Термиз шаҳрига 1929 йилда асос солинган, аҳолиси 146 минг кишини, умумий ер майдони 2,8 минг гектарни ташкил этади. Термиз туманига эса 1926 йилда асос солинган бўлиб, аҳолиси 109 минг кишини, умумий ер майдони 85 минг гектарни ташкил этади. Бугунги кунда Термиз туманининг умумий ер майдони Термиз шаҳрига нисбатан 30 бараварга катта ҳисобланади.

Термиз шаҳри ҳудуди кичиклиги сабабли ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этишга етарлича имконият бўлмаганлиги учун Термиз тумани ҳудудларида қурилиш ишлари олиб борилган.

Шунга кўра, шаҳар аҳолисига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Термиз тумани ҳудудининг 1 минг 561 гектар ер майдонини Термиз шаҳри ҳудуди таркибига ўтказиш назарда тутилмоқда. 

Термиз шаҳрига ўтказилаётган ҳудудда 8та кўп қаватли уй, 1та оилавий поликлиника, 4та маданий мерос объекти, 8та мактабгача таълим ва 8та умумтаълим муассасаси мавжуд. 

Олий Мажлис Сенати аъзолари Сурхондарё вилояти Термиз туманининг чегарасини ўзгартириш, Термиз шаҳрининг чегарасини кенгайтириш ҳамда уларнинг чегараларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди ва тегишли қарор қабул қилди.

Мавзуга оид