Ўзбекистон | 23:35 / 22.12.2019
17124
2 дақиқада ўқилади

Қувада депутатликка номзоднинг ишончли вакили маъмурий жавобгарликка тортилди

Халқ депутатлари Қува туман кенгашига «Адолат» социал демократик партиясидан номзоди кўрсатилган Б.Мавлоновнинг ишончли вакили Х.Абдуллаев сайлов куни ташвиқот олиб боргани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.

Бош прокуратурадан маълум қилишларича, Х.Абдуллаев 22 декабрь куни соат 08:30ларда ўзининг «Ласетти» русумли автомашинаси олди қисмига «Адолат» социал демократик партияси, икки ён томонларига «Мавлонов Баҳромжонга овоз беринг» деган ёзувларни оддий бўёқда ёзиб олиб, Қува тумани Жалаёр округи ҳудудидаги 25-сонли мактабда жойлашган 589-сонли, Меҳнатобод қишлоғи 51-мактабда жойлашган 743-сонли сайлов участкалари олдида автомашина ойналарини очган ҳолда «Мавлонов Баҳромжонга овоз беринглар» деб тарғиб қилган.

«Ушбу ҳолат юзасидан, Қува туман прокуратураси томонидан Б.Мавлоновнинг ишончли вакили Х.Абдуллаевга нисбатан МЖтКнинг 51-5-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун Қува туман маъмурий судига юборилган», дейилади Бош прокуратура хабарида.

Маълумот учун, МЖтКнинг 51-5-моддасига асосан, сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартибини бузган ишончли вакил ЭКИҲнинг 7 бараваридан 10 бараваригача жаримага тортилади.

Мавзуга оид