19:25 / 22.12.2019
1
12010

Видео: Андижонда 100 ёшдан ошган 82 нафар фуқаро сайловда овоз берди

Андижон вилоятида ёши юздан ўтган 82 нафар нуроний ва онахонлар истиқомат қилади. Бугун, 22 декабрь куни сайлов участкалари томонидан уларнинг яшаш жойларига бориб, овоз бериш ташкил этилди.

Пахтаобод туманилик Ўринжон она Эрматова туманнинг «Муаззинбой» маҳалласида яшайди. 1912 йил 1 январда туғилган онахон Пахтаободдаги 428-сайлов участкасига ўзи келиб номзодларга овоз берди.

Олтинкўл туманидаги «Топтиқ» маҳалласида яшовчи Саодатхон она Ҳайитова 106 ёшда. Онахоннинг оиласи катта. У кишининг 8 нафар фарзанди, 52 нафар набираси, 39 нафар эвара, 13 нафар чевара ва 1 авараси бор экан.

Юзни қоралаган Саодатхон онанинг олдига тумандаги 109-сайлов участкаси вакиллари билан бирга бордик. Том маънодаги пир-у бадавлат онахон ҳали дадил, кўзлари тиниқ кўрар экан, дуо қилдилар. У киши ўз қўллари билан сайлов бюллетенларида номзодни белгилаб овоз бердилар.

Марҳамат туманида истиқомат қилувчи 102 ёшли Улуғхон момо Ибрагимова ҳам 317-сайлов участкасида овоз берди.

II жаҳон уруши қатнашчиси Маҳмуджон ота Ҳолмахсумов Шаҳрихон туманининг «Янги ҳаёт» маҳалласида яшайди. 93 ёшли отахон 195-сайлов участкасига ўзи келиб овоз берди.

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top