Ўзбекистон | 11:20 / 22.12.2019
38731
2 дақиқада ўқилади

Водий шаҳарларига Тожикистон орқали автобус қатнови йўлга қўйилди

Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Қамчиқ довони транспорт воситалари ҳаракати учун ёпилгани муносабати билан Транспорт вазирлиги Тошкентдан Фарғона водийсига автобус қатновини йўлга қўйди. Автобус Тожикистон Республикаси ҳудуди орқали транзит ҳаракатланади.

Фото: Транспорт вазирлиги

«Қамчиқ довони ҳудудида ноқулай об-ҳаво шароити кузатилаётгани ҳамда қор кўчиши хавфи мавжудлиги боис ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида довон бўйлаб автомобиль воситаларининг ҳаракатланиши вақтинчалик тўхтатилди. Қамчиқ довони йўналишидан фойдаланадиган барча йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан Фарғона водийсига буюртма автобус қатнови йўлга қўйилди.

Мазкур йўналишда «Uzautotrans service» корхонаси Yutong автобусларида йўловчиларга хизмат кўрсатади. Тошкентдан йўлга чиққан автобус Андижон, Фарғона ва Марғилон шаҳарлари бўйлаб ҳаракатланади. Автобус Қўйлиқ деҳқон бозори яқинидан (водий питак) йўлга чиқади. Автобус Тожикистон Республикаси ҳудуди орқали транзит ҳаракатланади. Шу сабабдан йўловчилар ўз шахсий паспортлари билан автобусга чиқишлари лозим», дейилган Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабарида.

21 декабрь куни ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Қамчиқ довонида транспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик тўхтатилди.

Шу куни довонда қолиб кетган машиналардаги ҳайдовчилар ва йўловчилар ФВВ ходимлари томонидан махсус жойларга эвакуация қилинди.

Бундан аввалроқ  довондаги вазият туфайли «Ўзбекистон темир йўллари» Тошкентдан водий вилоятларига битта қўшимча поезд қатновини йўлга қўйганди.

Мавзуга оид