Жамият | 23:40 / 26.12.2019
68079
13 дақиқада ўқилади

Сайловдаги сохтакорлик: Бектемирда нима бўлган эди?

22 декабрь куни Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга ўтказилган сайловлар вақтида рўй берган қонунбузилиш ҳолатлари бирин-кетин маълум бўлмоқда. 25 декабрь куни Kun.uz сайтида Тошкент шаҳар Бектемир тумани 18-Висол сайлов округидаги 105-сайлов участкасида комиссия аъзолари томонидан қутига бюллетенлар ташланаётгани акс этган видео эълон қилинган эди.

Ушбу ҳолат юзасидан журналистик суриштирув ўтказилди.

Ҳодиса гувоҳларидан бири – ЎзЛиДеп партиясидан Халқ депутатлари Бектемир тумани кенгаши депутатлигига номзоди кўрсатилган Умид Худойбергановнинг ваколатли вакили Раҳматилла Атаханов Kun.uz’га сайлов натижаларини сохталаштиришга сайлов участкаси мутасаддилари бош-қош бўлишганини таъкидлади. Унинг айтишича, 22 декабрь куни соат 19:40ларда уларни «Адлиядан келишди» деб бошқа хонага чақиртириб олишган, сайлов участкаси аъзолари хонада эса қолган. Раҳматилла Атаханов хонага қайтиб киришига сайлов участкаси раиси Муқаддас Аширова йўл қўймаган.

«Соат 19:20лар атрофида сайлов участкасига бордим. Озроқ ўтирдик, кейин «Адлиядан Алишер деган одам келди, ҳаммамиз чиқарканмиз, бизга гапи бор экан», дейишди. Ҳамма чиқса сайлов ўтказилаётган хона ҳам қулфланса керак деган ўйда мен ҳам чиқдим. Чиққанимдан кейин эътибор берсам, комиссия аъзолари ичкарида қолди. Кейин ортга қайтдим ва эшик олдида турган участка раисидан «Улар чиқмайдими?» деб сўрадим. «Йўқ, уларнинг иши бор», деди у. Мен ҳам комиссия аъзоси эканлигим, ичкарига кирмоқчилигимни айтсам, ичкарига ўтказмасдан эшик олдига туриб олди. Муқаддас Ашировадан ҳеч бўлмаса эшикни очиб қўйишни талаб қилдим. Орадан 3-4 дақиқа ўтгач истар-истамас эшикни қия очиб қўйди», дея ҳикоя қилади Раҳматилла Атаханов.

ЎзЛиДеПдан Халқ депутатлари Бектемир тумани кенгаши депутатлигига номзоди кўрсатилган Умид Худойберганов бўлиб ўтган воқеалар бўйича изоҳ берди.

«105-сайлов участкасида 22 декабрь кунги сайловда бир нечта қонунбузилиш ҳолатлари бўлган. Бу вақтда мен у ерда эмасдим. Менга маълум қилишларича, адлиядан Алишер деган одам келган ва кузатувчиларнинг бейжигини текшириш мақсадида уларни алоҳида хонага чақиртирган. Сайлов комиссияси раҳбари Аширова Муқаддас барча партияларнинг кузатувчилари ва номзодларнинг ваколатли вакилларидан сайлов ўтказилаётган хонадан ташқарига чиқишни талаб қилган. Вакилларимиз бунга қаршилик қилишган, аммо уларни хонага қайта киргизишмаган. Ўша вақт ичида улар нима ишлар қилгани менга қоронғи. Мен бу ҳолат юзасидан Марказий сайлов комиссиясига ҳам, Бош прокуратурага ҳам ёзма равишда мурожаат қилганман», дейди Умид Худойберганов.

Бектемир тумани сайлов комиссия аъзоси, айни пайтда туман адлия бўлими раҳбари Алишер Хатамов Kun.uz’да эълон қилинган видеодаги ҳолатга алоқаси йўқлиги, кузатувчилар бошқа хонага чақириб олинган вақтда мазкур сайлов участкасига борган шахс ўзи эмаслигини айтиб, бу масалага тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар стенограмма билан ойдинлик киритиши кераклигини таъкидлади.

«Мен ўша Алишер деган одамни кўрсатишларини ва у менга шахсан сен келгансан деб ўзимга айтишини илтимос қилардим. Энди буни тергов органлари ҳал қилади.

Шу ўринда битта нарсани айтиб ўтмоқчиман. Мен Бектемир тумани сайлов комиссияси аъзосиман. Зуҳра опа Ҳайдарова комиссия раиси ҳисобланади. Биз тумандаги сайлов округлари ва участкаларидаги барча камчиликларни амалий ёрдам бериш йўли билан бартараф қилиш, кузатувчилар билан участка сайлов комиссиялари ўртасида қонунбузилиш бўлса, шунга қонуний ечим топиш масаласида барча сайлов округ ва участкаларини айланиб чиқдик. Кузатувчиларнинг ишига аралашишга ҳаққимиз йўқ. Сайлов участкаси раиси уларни рўйхатга олган, бу масалага биз аралашмаймиз. Агарда ўша жойда туман сайлов комиссиясига мурожаат тушса, чиқиб туриб, акт тузилган бўлса, актини оламиз. Бизга округ раиси акт билан мурожаат қилади. Сайлов тугагандан кейин ўша масалага ойдинлик киритади. Туманда 32та сайлов участкаси бўлса, ҳеч бирида «Мен адлияданман» ёки «Адлия вазирлигиданман, йиғилинглар ҳамманг» деб айтмаганман ҳам, айтмайман ҳам», деди у.

Алишер Хатамов «Кузатувчилар бошқа хонага чақириб олинган вақтда ўша идорага борган шахс сиз эмассиз-а?», дея берилган такрорий саволимизга яна бир бор «Йўқ!», дея жавоб қайтарди. У видеоинтервью беришга рози бўлмади (у ўз юзини кўрсатишни истамагани кейинроқ маълум бўлади).

105-сайлов участкаси раиси Муқаддас Аширова эса Kun.uz’да эълон қилинган видеода кўринган аёл ўзи эканини тасдиқлади.

«Бу воқеа содир бўлган вақтда хонадан чиқиб кетгандим. Шаҳар сайлов комиссиясидан ва адлиядан келиб, кузатувчиларни бошқа хонага чақиринг дейишди. Мен уларни чақириб бердим. Адлиядан ким келганини билмайман, уни танимайман», дейди у.

Алишер Хатамовнинг айтишича, уни Бектемирда танимайдиган одам йўқ. Шу сабабли, у Муқаддас Ашированинг «Адлиядан келган одамни танимайман» деган сўзлари асоссизлигини айтди.

«Мени Бектемирда ҳамма танийди. Юзимни, кўринишимни. Чунки биз сайлов арафасида кўп марта қабуллар ўтказганмиз. Менинг юзимни жудаям яхши танишади. Мен адлияданман десам танимадим дейиши кулгили», дейди у.

Муқаддас Аширова сайлов участкасига келганларнинг кимлигини сўраб ўтирмаганини айтади.

«Мен шаҳар сайлов комиссиясидан келган одамга [Бектемир тумани сайлов комиссияси раиси Зуҳра Ҳайдарова назарда тутилмоқда – Kun.uz] ишондим. Шунинг учун уларнинг ҳужжатларини сўраб ўтирмадим.

Хонадан кузатувчилар билан бирга чиқиб кетганимдан сўнг ичкарида содир бўлган ишдан олдиндан хабарим бўлмаган. Ичкарида нималар бўлгани акс этган видеони ўша куни менга депутатликка номзод Умид Худойбергановнинг вакиллари кўрсатишди. Видеони кўрганимдан кейин қизлардан нега бундай қилишганини сўрадим. Улар сайловда кам одам қатнашгани учун сайловчилар сонини кўпайтиришга уринишгани, сайлов қутисига бўш бюллетенларни ташлашганини айтишди», дейди у.

Зуҳра Ҳайдарова шу куни камида икки марта ушбу сайлов участкасида бўлганини тасдиқлади (аслида у камида уч марта келган бўлиб чиқди).

«Битта партиянинг кузатувчисида гувоҳнома йўқлиги учун келдим. Участкаларни айланиб чиққанимиздан кейин билинди бу нарса. Мени тўполон бўляпти, у-бу деб чақиришди. Борганимда кечаси соат ўндан ошганди. Ўндан олдин ҳам бир марта бордик. Кундузи бордик. Кечаси борганимиз йўқ, нима қиламан бориб?!», деди у дастлабки жавобида.

Зуҳра Ҳайдарова дастлаб айтган гапларида кузатувчилар бошқа хонага чақириб олинган вақтда (19:40-20:00 оралиғи) у ерда бўлмаганини таъкидлади. Бироқ Kun.uz мухбирининг саволларига жавоб бериш асносида у соат 19:40ларда ҳам 105-сайлов участкасига борганини тан олиб қўйди.

«Соат 19:40ларда борганимизда Экология партиясидан кузатувчи бўлиб ўтирган қизнинг гувоҳномаси бўлмаган. Уни чиқариб юбориб кетганмиз. У ерда бошқа нарсага биз аралашмаганмиз. Кузатувчиларни чақиртириб олмаганмиз. Битта қиз билан гаплашиб чиқиб кетганмиз», деди у.

Муқаддас Аширова эса депутатликка номзод Умид Худойбергановнинг вакиллари унга таҳдид қилишганини айтди.

«Овоз бериш жараёни якунланиб, протокол ёзиш учун хонамга кирган пайтим 3 киши ортимдан кирди ва эшикни қулфлаб, видеони кўрсатиб, бу жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини айтиб менга таҳдид қилишди. Шундан сўнг менга келишишни таклиф қилишди. Ё қамаласан ёки келишамиз дейишди. Мен келишишни рад этдим», дейди сайлов участкаси раиси.

Бектемир тумани сайлов комиссияси раиси Зуҳра Ҳайдарова ҳам унинг сўзларини маъқуллади.

«Депутатликка номзод Умид Худойбергановнинг ваколатли вакиллари сайлов участкаси раиси билан гаплашган ҳолатиям бўлган. Келишамиз деган жойлариям бўлган. Чунки улар менга чиқишди. Мен сайловда номзодлар етарлича овоз тўплай олмадими, сайлов ўтмаган деб топилиши ва такрорий сайлов бўлишини айтдим. Қарорни чиқазиб бердим», дейди Ҳайдарова.

Умид Худойбергановнинг ваколатли вакили Раҳматилла Атаханов эса келишув ҳақида суҳбат бўлганини инкор этди.

«Видеони мен сайлов участкасига олиб келмадим. Қанақадир бир аёл олиб келди, уни танимайман. У келиб сайлов участкаси раисига «Синглим, сиз ҳам аёл экансиз, мен ҳам аёлман. Буни қаранг, бу нима деган нарса» деб айтди. Кейин Зуҳра деган аёл келди. У келиб дарров акт тузинглар деди ва Даниядан одамлар келгани, улар билан учрашиши кераклигини айтиб чиқиб кетишди. Видеони қўлимгаям олганим йўқ. Келишайлик деб айтмаганман», дейни номзоднинг вакили.

105-сайлов участкаси раиси Муқаддас Аширова депутатликка номзод Умид Худойбергановнинг вакиллари тўполон кўтариб, сайлов жараёнига энг кўп халал беришганига урғу қаратди.

Раҳматилла Атаханов эса буларни рад этиб, аксинча сайловдаги қонунбузилиш ҳолатларига жиддий қаршилик кўрсатгани учун сайлов участкаси раиси уни хонадан чиқариб юбориш билан пўписа қилганини билдирди.

«Овозларни санашда кичкина кўчма сайлов қутисини очишди. Мен аввал ишлатилмаган бюллетенларни санайлик дедим. Муқаддас Аширова мени ҳайдаб чиқариб юборишини айтди. Мен эса гапимда туравердим. Шундан сўнг у сайлов участкаси аъзоларига ишлатилмаган бюллетенларни санашга кўрсатма берди, лекин бу жараёндаям кўплаб қонунбузилишлар бўлди. Бюллетенлар сони баробар эмаслиги ва бошқа эътирозларимни инобатга олишмади. Ўшандаёқ участка сайлов комиссияси раисининг ҳаракатлари менда шубҳа туғдирди», дейди Раҳматилла Атаханов.

Kun.uz’га тақдим этилган ҳужжатлар округ ва участка сайлов комиссияларининг овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларидаги маълумотлар бир-бирига тўғри келмаслигини кўрсатмоқда.

Суриштирув давомида Муқаддас Аширова Зуҳра Ҳайдарова ва Алишер Хатамов билан юзма-юз учрашишдан қочди. У дастлаб машина юборишни сўради, мухбирлар у айтган манзилга боришганда эса қўнғироқларга ва смсларга жавоб бермай қўйди.

Раҳматилла Атахановнинг шубҳалари кейинроқ столда қолдириб кетилган камерага тушиб қолган ёзувлар орқали ойдинлашди.

Қолаверса, унда 25 декабрь куни интернетда тарқалган видеодан бошқа яна бир видео бор эди. Бу видео борлигидан бехабар бўлган масъуллар эса турли ёлғон-яшиқларни тўқиб чиқаришди.

Туман адлия бўлими раҳбари Алишер Хатамов юқорида ёлғон гапирганди – у ўша воқеа содир бўлган вақтда ўша сайлов участкасига борганди.

Қолаверса, унинг ёнида туман адлия бўлимининг умуман сайловга алоқадор бўлмаган ходими ҳам бўлган. Иккинчи видеода кузатувчилар ва номзодларнинг ваколатли вакиллари бошқа хонага чақириб олинган вақтда улар сайлов бўлаётган хонага кириб-чиқиб юрганини, Бектемир тумани сайлов комиссияси раиси Зуҳра Ҳайдарова уларга ҳамроҳлик қилганини кўриш мумкин.

Алишер Хатамов эндиям ўша сайлов участкасига борганини инкор этишда давом этадими? Сайлов участкаси раиси ва туман сайлов комиссияси раиси энди нима дейди? Адлия вазирлиги бу ҳолатга қандай муносабатда бўлади?

Эслатиб ўтамиз, 25 декабрь куни Марказий сайлов комиссияси Бектемир тумани 18-Висол сайлов округидаги 105-сайлов участкасида рўй берган ҳолат видеосига муносабат билдириб, ушбу ҳолат ўрганилгани, тўпланган материаллар ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура идораларига тақдим қилинганини маълум қилган эди.

Жамшид Ниёзов
Kun.uz мухбири

Муҳаммаджон Ғаниев
Kun.uz тасвирчиси

 

UPD: Марказий сайлов комиссияси ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар сайлов комиссияси, Бектемир туман сайлов комиссияси ва прокуратура органлари билан биргаликда амалга оширилган ўрганиш ишлар натижаси тўғрисида маълумот берди:

Ўрганиш натижасига кўра 105-участка сайлов комиссиясининг 22 декабрдаги сайлов натижалари бўйича қабул қилган қарорлари бекор қилинди ва ҳақиқий эмас деб топилган.

Мазкур сайлов участкаси бўйича сайлов натижалари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 141-Темирйўлчилар ва Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи 8-Сувчи шаҳар округ сайлов комиссияларининг тегишли округлар бўйича сайлов натижаларига таъсир қилмаслиги инобатга олинган.

Бектемир тумани сайлов комиссияси томонидан 18-Висол сайлов округида 2020 йил 19 январь куни такрорий сайлов ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Шунингдек, туман сайлов комиссияси томонидан 105-участка сайлов комиссиясининг таркибини алмаштириш ишлари ҳам амалга оширилади.

Прокуратура органлари томонидан ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид