Ўзбекистон | 23:51 / 05.01.2020
50421
1 дақиқада ўқилади

Алишер Қодиров такрорий овоз беришда парламент депутатлигига сайланди

«Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров 5 январь кунги такрорий овоз бериш натижаларига асосан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланди.

Фото : KUN.UZ

Қодировнинг ўзи Kun.uz мухбири билан суҳбатда «дастлабки натижалар шунга қараб кетаётгани» ҳақида гапирди. 

Алишер Келдиевич Қодиров парламент депутатлиги учун сайловларда Жиззах вилояти 36-Пахтакор сайлов округидан номзод сифатида иштирок этди.

Ушбу округга 4та туман – Пахтакор, Шароф Рашидов, Зафаробод ва Зарбдор туманлари киради.

Унга такрорий овоз беришда Ўзбекистон Либерал демократик партияси номзоди кўрсатилган Гулзода Зуҳурова рақиблик қилди.

Эслатиб ўтамиз, Алишер Қодиров 22 декабрь кунги сайловларда етарлича овоз тўплай олмаган (31 фоиз) ва шу сабабли,  такрорий овоз бериш жараёни натижаларини кутишига тўғри келган эди.

UPD: Сўнгги маълумотларга кўра, Алишер Қодиров 59644та овоз олиб, 73,5 фоизлик кўрсаткич билан парламент депутатлигига сайланган.

Мавзуга оид