Жамият | 11:20 / 05.01.2020
8416
2 дақиқада ўқилади

Танқидга муносабат: Ертўласи ҳовузга айланган «дом» муаммоси бартараф этилмоқда

Kun.uz сайтида Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирининг ертўласи канализация сувига тўлиб қолгани ҳақидаги танқидий материал эълон қилинган эди.

Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси мақолада кўрсатилган вазият юзасидан муносабат билдириб, шу куннинг ўзида муаммо жойида ўрганиб чиқилганини маълум қилди.

Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Рустам Сатторов имзоси билан таҳририятга тақдим этилган муносабатда шундай дейилади:

«Самарқанд шаҳар Саттепо масканида жойлашган 17-«А»-уйнинг ертўласида тўпланиб қолган оқова сувлари бўйича Kun.uz сайтида эълон қилинган муаммоли вазият юзасидан вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, масалани жойида ўрганиш ишлари ўтказилди.

Ўрганиш жараёнида мазкур 17-«А» уйда истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан янги йилга тайёргарлик кўриш муносабати билан ўзбошимчалик билан оқова (канализация) тармоғига турли чиқиндилар ташланиши оқибатида, канализация қувурида тиқилиш ҳосил бўлгани аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан ушбу кўп қаватли уй-жойга хизмат кўрсатувчи «Самарқанд омад коммуналчи» профессионал бошқарув ташкилоти ва «Дўстлик» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан зарурий чоралар кўрилиб, мазкур уйнинг ертўла қисмидаги тўпланган оқова (канализация) сувларини тозалаш ишлари олиб борилаётгани ҳамда камчиликлар бартараф этилгандан сўнг қўшимча маълумотлар тақдим этилишини маълум қиламиз.

Шунингдек, Саттепо масканида жойлашган 17-«А» уйда истиқомат қилувчи фуқароларга Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги «Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги №194-сонли қарорига асосан оқова (канализация) тизимларига белгиланмаган чиқиндилар ташлаш мумкин эмаслиги белгилаб қўйилгани бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди».

Мавзуга оид