Жаҳон | 09:30 / 05.01.2020
74868
3 дақиқада ўқилади

Трамп Эрондаги 52та объектга зарба бериш билан таҳдид қилди

Фото: REUTERS/Kevin Lamarque

АҚШ президенти Дональд Трамп агар Теҳрон америкаликларга ёки АҚШ объектларига ҳужум қилса, Эрондаги 52та объектга зарба берилишидан огоҳлантирди.

«Бу огоҳлантириш бўлсин: агар Эрон америкаликлар ёки АҚШ объектларига зарба берса, биз Эрон томонидан узоқ йиллар аввал гаровга олинган 52 кишини рамзловчи Эрондаги 52та нишонни танладик», деб ёзган Трамп твиттерда. 

Трамп гаровга олинган 52 кишини эслаб ўтганда, 1979 йил АҚШнинг Теҳрондаги элчихонасида юз берган воқеани назарда тутган. Ўшанда эронлик исёнчилар гуруҳи АҚШ элчихонасидаги ўнлаб одамларни гаровга олган. Улардан баъзиларини тезда озод қилишга муваффақ бўлинган, бироқ 52 киши 1981 йилга келибгина озод қилинган.

АҚШ президенти муайян нишонларни келтирмаган, аммо унинг айтишича, танланган баъзи объектлар Эрон ҳамда унинг маданияти учун жуда аҳамиятли объектлар ҳисобланади.

«Биз бу нишонларга, Эронга тез ва жуда кучли зарба берамиз. АҚШ бошқа таҳдидларни эшитишни истамайди!», дея қўшимча қилган Трамп.

АҚШ президенти ҳозирда Эронда 3 январга ўтар кечаси ўлдирилган «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони генерал Қосим Сулаймоний учун ўч олиш мақсадида АҚШнинг қанчалик кўпроқ объектига зарба бериш масаласи очиқчасига муҳокама қилинаётганини таъкидлаб ўтган. Унинг айтишича, Сулаймоний кўплаб одамларнинг, жумладан америкаликларнинг ўлимига жавобгар. 

  • Дональд Трамп фармойиши билан Эроннинг ташқи сиёсатидаги асосий фигура бўлган Қосим Сулаймоний ўлдирилгач, АҚШ ҳукумати Яқин Шарққа қўшимча 3,5 минг ҳарбий жўнатишга қарор қилди. Улар Кувайтдаги базага жойлаштирилади, аввалги ҳафтада бу ерга 700 нафар ҳарбий олиб келинганди.
  • Яқин Шарқдаги вазият кескинлашиши туфайли Буюк Британия қироллиги ҳарбий флоти кемалари Ҳўрмуз бўғози орқали ҳаракатланувчи британ савдо кемаларини қўриқлашни бошлаган.

Мавзуга оид