Ўзбекистон | 09:20 / 06.01.2020
6299
3 дақиқада ўқилади

Давлат активларини бошқариш агентлигига янги ваколат берилади

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига дивидендлар ва ажратмалар тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Муҳокама учун эълон қилинган президент қарори лойиҳасига кўра, хўжалик жамиятларида давлат улушига ҳисобланган дивидендларни тўлаш “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига мувофиқ акциядорлар (иштирокчилар)нинг дивидендларни олишга бўлган тенг ҳуқуқларига риоя этилган ҳолда амалга оширилиши лозимлиги қатъий белгилаб қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги хўжалик жамиятлари томонидан давлат улушига дивидендлар ва давлат корхоналари соф фойдасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ажратмалар ҳисобланиши ва тўланиши устидан назорат қилувчи ваколатли ягона давлат органи этиб белгиланади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

хўжалик жамиятлари томонидан давлат улушига ҳисобланган дивидендлар ва давлат корхоналари соф фойдасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ажратмалар кейинчалик тақсимлаш учун Агентлик ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармасига ўтказилади;

Агентлик хўжалик жамиятлари ва давлат корхоналаридаги дивиденд сиёсатини ҳар йили тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунда белгиланган параметрлардан келиб чиқиб амалга оширади;

акциядор (иштирокчи ва муассис)лар таснифига қараб дивидендларнинг 95 фоизи тегишинча республика ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига йўналтирилади, қолган 5 фоизи Агентлик ҳузуридаги Жамғарма тасарруфида қолдирилади.

Хўжалик жамиятлари томонидан давлат улушига дивидендлар ва давлат корхоналари соф фойдасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ажратмалар ҳисобланиши ва ўтказилишини назорат қилиш тўғрисидаги Низом тасдиқланади.

Хўжалик жамиятлари бошқарув органлари ва давлат унитар корхоналари муассислари:

ҳисобланган дивидендлар тўғрисида ахборотларни Агентликка ўз вақтида тақдим этилиши, дивидендларни тўғри ҳисобланиши ҳамда белгиланган муддатларда тўланиши юзасидан шахсан жавобгар ҳисобланади;

ижроия органи раҳбарлари фаолияти самарадорлиги муҳим кўрсаткичларидан (KPI) бири сифатида дивидендларнинг ҳисобланиши ва ўз вақтида тўланишини белгилашни таъминлайди.

Агентлик Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда хўжалик жамиятлари томонидан давлат улушига ҳисобланган дивидендлар тўғрисидаги ахборотларни белгиланган тартибда тақдим этмаганлик ёки ўз вақтида тақдим этмаганлик учун хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари мансабдор шахсларини жавобгарлигини белгилаш юзасидан тегишли таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Белгиланишича, дивидендлардан Жамғармада қоладиган 5 фоиз маблағлар Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби фаолиятини молиялаштиришга, шунингдек дивидендларни ҳисобланиши ва ўтказилишини назорат қилиш учун Агентлик марказий аппарати ва унинг ҳудудий бошқармаларида шакллантириладиган тегишли тузилмаларни сақлаш ҳамда қонунчиликда кўзда тутилган бошқа харажатларга йўналтирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид