Спорт | 17:47 / 11.01.2020
41203
4 дақиқада ўқилади

«Кечиктирилган Эл Класико»

Фото: AFP/Getty Images

Саудия Арабистонида ташкиллаштирилаётган «Испания суперкубоги»даги бир ҳолат кулгимни қистатяпти.

Араблар бу турнирга пул тикаётганда (3 йилга 120 миллион евро) албатта, молиявий жиҳатдан фойда кўришни ўйлаганлар, бунинг учун ўйинлардан бири айнан Эл Класико бўлиши қизиқишни бир неча баробар ошириб юбориши турган гап. Ташкилотчилар ҳам финалда айнан Реал ва Барселона тўқнаш келишини истаганликлари шубҳасиз.

Энди қаранг, аслида, ҳеч қандай қуръасиз ва шартларсиз Эл Класикони уюштириш мумкин эди. Тўртликда энг нуфузлиси ким? Мамлакат чемпиони. Яъни «Барселона». Кичик рейтинг бўйича энг пастдаги жамоа - «Реал», чунки улар ўтган мавсумда кубок соҳиби ҳам эмас, ҳатто 2-ўринни ҳам олишмади. Ярим финалда қуръа ташлаб ўтирмай, айнан «Реал» - «Барселона», «Атлетико» - «Валенсия» жуфтликларини ҳосил қилиш бировнинг эътирозига сабаб бўлмасди. Бундай ҳолатларда 1-4, 2-3 жуфтликлардан ярим финал ясаш учраб турадиган практика. Ҳам, Эл Класико кўрардик.

Йўқ, бундай ўйин финалга кўпроқ ярашади. Балки шундай ўйлашгандир, балки қуръада атайлаб уюштиришган, балки ҳаммаси ҳалол, шунчаки Эл Класико финалини орзу қилишган холос. Балки. Барибир «Реал» «Валенсия»ни, «Барселона» «Атлетико»ни енгишига қаттиқ ишонишгандир. Ахир «Атлетико» «Барселона»ни Испания миқёсидаги бирор турнирда охирги марта ютганига февралда 10 йил тўларди.

Қарангки, «Барселона» финалга чиқа олмади, турнир ташкилотчилари 8 йилдан бери «Реал» ва «Барселона»ни рўпара қила олмаётган Чемпионлар Лигаси ҳолига тушиб қолишди. Бечоралар.

Шунга яқин ҳолат ўтган йили Хитойда ҳам бўлганди, эсингиздами? Хитойликлар Уругвай, Ўзбекистон, Таиланд жамоаларини таклиф қилиб, тўрт жамоа билан «Хитой кубоги» турнирини ташкил қилишди. Табиийки, асосий рақиб - Уругвай, турнир ғолиби ким бўлсаям, Хитой Уругвай билан ўйнаб олиши керак, акс ҳолда, буни ташкиллашдан не фойда тўғрими? Уругвайга яхшигина пул тўлаб олиб келингани аниқ. Уругвай - Хитой финали эса, турнир ташкилотчиларининг асосий режаси.

Хуллас, Уругвай- Ўзбекистон бир жуфт, нариги ярим финалда Хитой ўзига рақиб қилиб, энг кучсиз - Таиландни танлади ва... Ютқазиб қўйди.

Натижада финалга Таиланд ва Уругвай чиқди. Ўзбекистон ва Хитой 3-ўрин учун куч синашишди. Яъни, аслини олганда, Таиланд ва Ўзбекистоннинг Уругвай билан ўйнаши учун Хитой катта пул сарфлаган бўлиб чиқди. Бечора Хитой Ўзбекистон ва Таиланд билан ўйнаш учун «Уругвай нархини» тўлади.

Агар бошқатдан имкон берилса, албатта, хитойликлар нақдини, Уругвай билан ярим финалда бўлсаям ўйнаб олишни танлаган бўлардилар, менимча.

Мана кўрасиз, келаси йили ҳам Саудия Арабистони ўтадиган Испания Суперкубогидаги тўрт жамоа ичида албатта, «Реал» ва «Барселона» бўлади. Ва улар ярим финалда ўзаро куч синашишади. Мен айтди, дерсиз.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид