Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ССПга аъзолик қайси тадбиркорлар учун ихтиёрий экани аниқ белгиланади
Савдо-саноат палатаси тўғрисидаги қонунга (2018 йил 9 июлда қабул қилинган 483-сонли қонун таҳририда) ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Тегишли қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Ҳужжатга кўра, 5-модда (Палатанинг вазифалари) биринчи қисми (Палатанинг вазифалари қуйидагилардан иборат) олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“аҳолини бизнес юритиш асосларига ўқитиш, шунингдек иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича тадбиркорлик субъектлари учун кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув дастурларини такомиллаштиришда иштирок этиш”.
Қайд этилишича, президентнинг 14.01.2019 йилдаги ПФ-5630-сонли фармонига кўра, “Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази” Савдо-саноат палатаси юритувига берилган.
Мазкур Марказнинг асосий мақсади ва вазифаси – тадбиркорлик субъектлари ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолини бизнесни юритиш асосларига ўқитиш ва тадбиркорларнинг малакасини ошириш ҳисобланади. Шу билан бирга, Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармалари таркибидаги ўқув курсларида тадбиркорларнинг малакаси оширилади.
Лекин, амалдаги таҳрирга кўра, Палата зиммасига аслида давлат органларининг функциялари юклатилганлиги кўринади. Амалиётда эса санаб ўтилган функцияларни бажариш учун ваколатлар мавжуд эмас. Шу боис, Палатанинг вазифаси сифатида “аҳолини бизнес юритиш асосларига ўқитиш, тадбиркорлик субъектларининг малакасини ошириш”ни белгилаш ва қолган масалаларда эса иштирок этиш вазифасини юклаш мақсадга мувофиқ экани айтилади.
9-модда (Тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш соҳасида Палатанинг функциялари) биринчи қисми (Тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш соҳасида Палата қуйидаги функцияларни амалга оширади) еттинчи хатбошисидаги “, касаначиликнинг” сўзлари чиқариб ташланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 11 январдаги 4-сонли қарори билан тасдиқланган Низомида "касаначилик" тушунчаси берилган бўлиб, унга кўра, тузилган меҳнат шартномасига мувофиқ жисмоний шахс - касаначининг яшаш жойи бўйича ёки унга ёки унинг оила аъзоларига тегишли бўлган бошқа биноларда иш берувчининг буюртмалари бўйича товарлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш бўйича касаначи томонидан амалга оширилаётган ишни англатади.
Шунга кўра, касаначилик билан шуғулланаётган жисмоний шахслар тадбиркорлик субъекти ҳисобланмайди ва бундай шахсларга кўмаклашиш Палатанинг вазифасига кирмайди. Шу боис, мазкур тушунчани Қонундан чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда.
16-модда (Палатанинг тизими) биринчи қисми (Палатанинг тизимига қуйидагилар киради) қуйидаги таҳрирдаги еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи хатбошилар билан тўлдирилади:
“Тошкент халқаро арбитраж маркази;
“Ҳунарманд” уюшмаси;
Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази;”;
еттинчи хатбоши ўнинчи хатбоши деб ҳисобланади.
Билдирилишича, президентининг 05.11.2018 йилдаги ПҚ-4001 сонли қарорига кўра, Савдо-саноат палатаси қошида “Тошкент халқаро арбитраж маркази” ташкил этилди. Шу билан бирга, 17.11.2017 йилдаги ПҚ-3393-сонли қарори билан “Ҳунарманд” уюшмаси Савдо-саноат палатаси тизимига киритилган. Шунингдек, 14.01.2019 йилдаги ПФ-5630-сонли фармони билан “Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш маркази” Савдо-саноат палатаси иш юритувига олинганлиги боис киритилган.
17-модда (Палатага аъзолик) биринчи қисмидаги (Палатага аъзолик кичик тадбиркорлик субъектлари учун ихтиёрий, бошқа тадбиркорлик субъектлари учун эса мажбурийдир) “бизнес ва хусусий” сўзлари чиқариб ташланади.
Ҳужжатга келтирилган изоҳда айтилишича, Савдо-саноат палатаси тўғрисидаги қонун (янги таҳрири) қабул қилинганидан кейин Палата аъзолигига йирик корхоналарни жалб қилиш билан боғлиқ муаммолар юзага келди. 827 тадан ортиқ мурожаатлар келиб тушди, уларда йирик корхоналар ҳам хусусий тадбиркорлик субъектлари эканлигини рўкач қилиб, мажбурий аъзолик шартномасини тузишдан бош тортганликлари билдирилган.
Бу муаммонинг амалиётда келиб чиқишига “хусусий тадбиркорлик” тушунчасига қонунчиликда аниқ тушунча берилмаганлиги ҳамда амалдаги қонунчиликдаги тадбиркорлик субъектларининг турлари таснифида тадбиркорлик бундай тури кўрсатилмаганлиги сабаб бўлган.
Хусусан, "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуннинг 5-моддасига кўра, кичик тадбиркорлик субъектлари қуйидагилардир: якка тартибдаги тадбиркорлар; микрофирмалар; кичик корхоналар.
Таклиф этилаётган таҳрирда фақатгина қонунда белгиланган мезонларга жавоб берадиган кичик бизнес субъектлари Палатага ихтиёрий равишда аъзо бўлишади, қолганлар учун эса мажбурий аъзолик жорий этилади.
21-моддада (Палатанинг ҳуқуқлари) биринчи қисм ўн тўққизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни бериш”;
қуйидаги таҳрирдаги учинчи қисм билан тўлдирилади:
“Палата аъзоларининг, шунингдек ўз манфаатларини кўзлаб судларга даъво аризалар ва аризалар тақдим этиш, суд қарорлари устидан апелляция, кассация шикоятлари ҳамда назорат тартибида протест келтириш ҳақида илтимосномалар бериш, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят келтириш ҳуқуқига Палата раиси, унинг ўринбосарлари, Палатанинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари эгадирлар”.
Таъкидланишича, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тадбиркорлик субъектлари эмас ва Палата аъзоси бўла олмайдилар. Президентнинг 05.02.2019 йилдаги ПҚ-4160-сонли қарорининг 2-банди “е” кичик банди билан Палатага бундай ваколатни амалга ошириш юклатилган.
Процессуал ҳуқуқ қонунда аниқ белгиланмаганлиги сабабли амалиётда ҳар хил тушунмовчиликлар ва зиддиятлар келиб чиқмоқда. Шу боис, вазиятдан чиқиш мақсадида Палата раисининг ўринбосарлари ҳамда ҳудудий бошқарма бошлиқларига сурункали равишда ишончномалар бериб келинмоқда. Бундай қоғозбозликнинг олдини олиш мақсадида қонунда санаб ўтилган процессуал ваколатларга эга бўлган шахслар доираси аниқ кўрсатиб ўтилишига зарурият туғилаётгани айтилган.
23-модда (Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилиши устидан жамоатчилик назорати) биринчи қисми (Палата ва унинг ҳудудий бошқармалари тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини қуйидаги йўллар билан амалга оширади) қуйидаги таҳрирдаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилади:
“давлат хизматларининг сирли мижози” институтидан фойдаланиш доирасидаги чора-тадбирлар ташкил этиш;”.
Қайд этилишича, президентнинг 25.02.2019 йилдаги ПҚ-4210 сонли қарорининг 4-банди 1-хатбошида “давлат хизматларининг сирли мижози” институтидан фойдаланиш доирасидаги чора-тадбирлар Адлия вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилиши белгиланган.
Мавзуга оид
19:32 / 15.05.2026
“Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди
15:26 / 18.02.2026
Давлат байроғини намойиш этишда ягона талаблар жорий этилади
16:19 / 16.02.2026
Истеъмолчилар шартномаларида ноқулай шартлар чекланади
12:27 / 16.02.2026