Иқтисодиёт | 18:20 / 16.01.2020
5962
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк 2020 йил учун инфляция прогнозини сақлаб қолди

Ўзбекистон Марказий банки 2020 йил учун инфляциянинг базавий прогнозини 12 - 13,5 фоиз даражасида сақлаб қолди.

2019 йил якунлари бўйича инфляция прогноз коридорининг (13,5-15,5 фоиз) юқори чегарасига яқин даражада шаклланди ва 15,2 фоизни ташкил этди.

«Инфляция суръати асосан йилнинг иккинчи ярмида тартибга солинадиган нархларнинг эркинлаштирилиши (21,6 фоизга ўсиши), шунингдек, 2019 йил август ойидаги миллий валюта девальвацияси натижасида тезлашди.

2019 йил давомида нархларни юқори ўсиши ун ва нон маҳсулотлари (24,8 фоиз), гўшт маҳсулотлари (23,4 фоиз), мева ва сабзавотлар (14,5 фоиз) ҳамда йўловчи транспорти (13 фоиз) соҳаларида кузатилди.

2019 йилнинг октябрь-декабрь ойларида чораклик инфляция даражаси 2018 йилнинг мос даври билан таққослаганда 5,7 фоиздан 5 фоизгача секинлашди.

Марказий банк 2020 йил учун инфляциянинг базавий прогнозини белгиланган 12-13,5 фоиз даражасида сақлаб қолмоқда. Жорий йил якунига қадар инфляция даражаси пасайиши қуйидаги прогноз баҳоларига асосланган:

2019 йилда юзага келган баъзи инфляцион омиллар таъсирининг тугаб бораётганлиги ҳамда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарларининг аксарияти бўйича нархлар Марказий Осиё минтақасидаги, шунингдек, асосий савдо ҳамкор давлатлардаги нархлар даражасига мослашиб бўлганлиги;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тўқимачилик ва қурилиш саноатида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ўсиши прогноз қилинмоқда ва бу ички истеъмол бозорида таклиф ҳажмининг ортишига хизмат қилади. Бунда рақобат муҳитини босқичма-босқич яхшилаб бориш муҳим омил ҳисобланади;

пул-кредит ва макропруденциал сиёсатнинг зарур дастакларидан фойдаланиш ҳамда давлат харажатлари ва умумий бюджет тақчиллигини оптималлаштириш орқали кредитларнинг мақбул даражада ўсиши таъминланади ва шу орқали инфляция ва айирбошлаш курсига бўлган босимни пасайтиради.

2018-2019 йилларда ўртача иш ҳақи даражасининг сезиларли даражада тўғриланганлиги ҳисобига 2020 йилда аҳоли номинал даромадларининг мўътадил даражада ўсишининг кутилиши талаб омиллари таъсирини камайтиришга ёрдам беради», дейилади МБ маълумотида.

Мавзуга оид