Миллий статистика қўмитаси 2025 йил декабр ойида 1 кг палов тайёрлаш учун керак бўладиган масаллиқлар қиймати ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, Тошкент шаҳрида 1 кг палов тайёрлаш учун 115 491 сўмлик бозорлик қилиш керак. Фарғонада ҳам масаллиқлар қиймати деярли шунча: 114 890 сўм.
Қорақалпоғистонда эса 1 кило ош дамлаш энг арзон – 97 727 сўмга тушади.
Бу нархлар 8 та маҳсулотни ўз ичига олади: 0,7 кг мол гўшти, 1 кг лазер гуруч, 0,3 л кунгабоқар ёғи, 1 кг сабзи, 300 г пиёз, 100 г нўхат, 10 г зира ва 20 г ош тузи.
Статистика қўмитаси бир неча йил давомида ош марказларидаги 1 кг тайёр палов нархини эълон қилиб бораётган эди. 2025 йил февралдан бошлаб, “палов индекси” ўзгарди ва 1 кг ош пишириш учун керак бўладиган масаллиқлар нархини ҳисоблашга ўтилди.
Шундан келиб чиқиб, Kun.uz сўнгги 11 ой давомида палов индекси қандай ўзгарганига эътибор қаратди.
Маълум бўлишича, 2025 йил феврал–декабр ойларида ош учун масаллиқлар нархи Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида 11 фоизга кўтарилган.
Андижон, Бухоро, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида “палов инфляцияси” 9 фоизни ташкил этган.
Маълумот учун, Статқўмнинг инфляция ҳисоботида келтирилишича, 2025 йилда суяксиз мол гўшти 25 фоизга, суякли мол гўшти 24 фоизга қимматлашган.









