Жаҳон | 21:09 / 18.01.2020
8531
1 дақиқада ўқилади

Шарм-аш-Шайхда пластик пакет ва идишлардан фойдаланиш тақиқланди

2020 йилдан бошлаб Мисрнинг иккита курортида пластик пакет ва идишлардан фойдаланиш тақиқланди.

Эндиликда Шарм-аш-Шайхда ресторан, дўкон, дорихона ва бозорларда харидорларга пластик пакет ва идишлар таклиф қилинмайди. Экскурсия вақтида туристларга хизмат кўрсатишда бундай маҳсулотлардан фойдаланиш мумкин эмас. Фақатгина қурилиш чиқиндиларини йиғиштиришда пластик пакетлардан фойдаланишга рухсат берилган.

Аввалроқ Мисрнинг Даҳаб курортида ҳам худди ана шундай тартиб жорий этилганди.

Аммо 2019 йил ёзида шундай тақиқ жорий этилган Хургадада яна пластик пакетлардан фойдаланиш бошланди.

Экспертларнинг айтишларича, маҳаллий ҳокимиятда ҳомийлар маблағи эвазига сотиб олинган қоғоз пакетлар захираси тугаб қолган. Мазкур "биопакетлар" кўргазмали экологик акциялар чоғида дўкон ва бозорларда бепул тарқатилганди. Шаҳарда январдан бошлаб дўконларни текшириш бекор қилинди ва пластик пакетдан фойдаланганлик учун жарима олинмай қўйилди.

Мавзуга оид