Жаҳон | 14:30 / 21.01.2020
13396
2 дақиқада ўқилади

Интерполнинг собиқ раҳбари 13,5 йилга қамалди

Тяньцзинда Интерполнинг собиқ раҳбари Мэн Хунвэй 13,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У коррупцияда ва мансаб суиистеъмолида айбланган.

Фото: AFP

Бундан ташқари, Мэн давлатга икки миллион юань (292 минг долларга яқин) жарима ҳам тўлайди. Айбланувчи суд ҳукмига шикоят билдирмаган.

Мэн 2005 йилдан 2017 йилга қадар бўлган вақт давомида жами 14,46 миллион юань (тахминан 2 миллион доллар) пора олганини тан олган. У 2004 йилдан Интерполнинг Хитойдаги вакили бўлган, 2016 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб 2018 йилнинг сентябрида Хитойга қўлга олингунига қадар Интерполга раҳбарлик қилган. 2020 йилда унинг бу лавозимдаги ваколати муддати тугаши керак эди.

Қўлга олинганидан кейин у ижтимоий хавфсизлик вазирининг собиқ ўринбосари лавозимидан бўшатилган, шунингдек, Хитой Коммунистик партиясидан четлатилганди.

2018 йилнинг сентябрида Мэн Хунвейнинг Францияда яшовчи рафиқаси эри Хитойга сафари чоғида ғойиб бўлганини маълум қилган. Унинг айтиб беришича, ғойиб бўлишидан аввал унга пичоқнинг суратини жўнатган. Аёлнинг фикрича, эри шу тариқа унга хавф остида эканлигини билдирмоқчи бўлган. Орадан бир неча кун ўтиб, Хитой Мэн Хунвей коррупция иши бўйича ҳибсда эканлигини тасдиқлаган.

Кейинроқ Хитой ҳукумати у қонун бузишда айбланиб қўлга олинганини хабар қилганди. Кўп ўтмасдан у Интерпол раҳбарлигидан бўшатилиб, ташкилотга Жанубий Кореядан бўлган Ким Йонг Ян раҳбарлик қила бошлади.

Мэн ғойиб бўлганидан кейин Хитойдаги давлат нашрларида унинг даромадлар бўйича текширувлар тафсилотлари эълон қилина бошлади.

Масалан, у ўз лавозимидан ўз рафиқаси Грейсни ишга жойлашда фойдалангани, шунингдек, ўз ваколатларини шахсий манфаатлари учун ишлатгани ҳақида ёзилган.

Грейс Мэн Франциядан бошпана сўраб мурожаат қилган. У ўз ҳаётидан хавфсираётгани, уни нотаниш шахслар кузатаётгани, унга шубҳали қўнғироқлар бўлаётгани, унинг автомобили номаълум шахслар томонидан суратга олингани ҳақида гапирган.
 

Мавзуга оид