Light | 20:16 / 23.01.2020
38560
3 дақиқада ўқилади

Китоб чоп этиш жараёнини кўрганмисиз? – Таҳрирдан то штрихлашгача (видео)

Фото: KUN.UZ

Китоблар қўлингизга тайёр ҳолда етиб келиши учун камида 50 нафар ишчи меҳнати сарфланганига ишонасизми? Битта китобни ишлаб чиқаришга 15 кундан 3 ойгача вақт сарфланишидан хабардормисиз?

Kun.uz китоб ишлаб чиқариш жараёни ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида республикадаги энг катта нашриётлардан бири – «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясида бўлди.

Китоб ишлаб чиқариш қуйидаги ўнга яқин босқичлардан иборат.

1. Нашриёт иши. Нашриётга келиб тушган қўлёзмалар муҳаррир томонидан таҳрир қилинади. Муҳаррир муаллифга ёзма шаклда асар юзасидан тавсияларини баён этади. Бир кунда ўртача 16 саҳифа қўлёзма таҳрирдан ўтади.

Матн китоб саҳифаларига жойлаштириб чиқилгач, текшириш учун мусаҳҳиҳга берилади. Бир кунда 60-70 бетгача матн саҳифаланади. Мусаҳҳиҳ матнни таҳрирдан ўтказади ва саҳифаловчига қайта топширади. Хатолар канчалик кўп бўлса, бу ҳолат 2-3 марта ва ундан ҳам кўп маротаба такрорланиши мумкин.

Китоб муқоваси дизайни устида ҳам ишланади. Рассом муаллиф билан маслаҳатлашиб, асарни ўқиб чиққан ҳолда ўзига хос дизайнни ишлаб чиқади. Ушбу жараёнга ўртача 1-2 ҳафта вақт сарфланади. Умумий қилиб айтганда, нашриёт билан боғлиқ босқич ўртача 1 ой давом этади.

2. Қолип тайёрлаш. Нашриёт тайёр ишни файл кўринишида тақдим этади. Қолип тайёрлаш ускунаси китобнинг махсус қолипини чиқариб беради. Қолип, асосан, сариқ, кўк, қора ва қизил рангда чиқарилади. Ускуна ҳар 5 дақиқада битта, бир кунда эса 150та қолип тайёрлай олади.

3. Чоп этиш. Ҳар соатда 10 минг бет қоғоз чоп этилади. Бир кунлик иш ҳажми 80-100 минг бетни ташкил этади.

4. Китоб йиғиш. Бу босқичда китоб саҳифаларга ажратилиб, кесилади. Саҳифалар бирлаштирилади. Саҳифалар орасига ҳаво кирмаслиги учун устидан босиб чиқилади ва боғланади. Китобнинг биринчи ва охирги қисми елимланади

5. Китоб саҳифаларини бирлаштириш. Биринчи ва охирги қисми елимланган китоб саҳифалари яхлит қилиб бирлаштирилади.

6. Китоб тикиш. Махсус рақамланган саҳифалар тикув ускунаси ёрдамида тикиб чиқилади.

7. Китоб саҳифаларини кесиш. Саҳифалардаги ортиқча қисм махсус кесиш мосламасида олиб ташланади. Шунингдек, муқова ҳажми билан мос эканлиги текширилади.

8. Елимлаш. Бунда бир ишчи китоб муқовасини елимласа, бошқаси уни асосий қисмига ёпиштиради. Шундан сўнг китоб елими қуриши учун 40 дақиқа ушлаб турилади.

9. Штриховка. Бу босқичда китобнинг муқоваси ажралиб кетмаслиги учун асосга қаттиқ маҳкамланади.

Битта китобни (тиражига қараб) чоп этишга 15 кундан 3 ойгача вақт ва 50 нафар ишчи меҳнати сарфланади. Бунда қўл меҳнати ҳам асосий ўринни эгаллайди.

Муҳаббат Маъмирова, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Отахон Юсупов.

Мавзуга оид