Ўзбекистон | 16:06 / 28.01.2020
7572
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 60 фоиз ишчи ўз малакасидан қуйи лавозимда ишлайди – ОТБ вакили

Фото: Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

Бугун, 28 январь куни «Ўзбекистонда таълим тизимини ривожлантириш истиқболлари: муаммо ва ечимлар» мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Унда иштирок этган Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори ўринбосари Энрико Пиналининг таъкидлашича, Ўзбекистон таълим, илм-фан ва инновацияларга кучли эътибор қаратиш орқали давлат раҳбари парламентга мурожаатида таъкидланидек, босқичма-босқич тараққиётга эришиши мумкин.

«Айни пайтда эса ўзбекистонлик меҳнатга лаёқатли шахсларнинг малакаси ва иш лавозими билан боғлиқ турли номувофиқликлар мавжуд. Жумладан, иш ўринларига эга бўлган эркакларнинг бор-йўғи 50,9  фоизи, аёлларнинг 50,1 фоизи ўз соҳаларига оид юқори позицияларда ишлайди.

60 фоиз ишчилар эса ўз малакасидан пастроқ лавозимда хизмат қилмоқда», – деган Пиналининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг айтишича, буни бартараф этиш учун меҳнат бозори ва таълим тизими ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштириш керак.

Шу мақсадда Ўзбекистонда миллий квалификация рамкаси ишлаб чиқилмоқда.

Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ўринбосари Аслиддин Одиловнинг маълумот беришича, квалификация – билим, малака, кўникма каби тушунчалардан иборат бўлиб, ишчига малака сертификатига мос равишда меҳнат бозорида муносиб ўрин топишига ёрдам беради.

«Миллий квалификация рамкасини яратиш бўйича илк ҳаракатлар 20 йил олдин бошланган. Лекин вазифа фақат таълим ташкилотлари бўйнида қолгани учун амалга оширилиши орқага сурилган», – деди Аслиддин Одилов.

Анжуманда таъкидланишича, халқаро стандартлар асосида миллий квалификация рамкаси ишлаб чиқилгач, Ўзбекистонда олинган малака дипломи билан халқаро меҳнат бозорида бемалол иш топа олиш имкони пайдо бўлади.

Мавзуга оид