Ўзбекистон | 14:25 / 26.12.2025
2060
1 дақиқада ўқилади

Президент: тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун барча чоралар кўрилади

Нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, етакчи молия институтлари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш режалари эълон қилинди. Президент бундай вазифалар мамлакатда тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро дўстлик ҳамда аҳилликни мустаҳкамлашни, Қуролли Кучлар жанговар салоҳиятини оширишни талаб этишини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда иқтисодий институтлар билан яқин ҳамкорликни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки каби етакчи молия институтлари билан ҳамкорликда иқтисодиётни технологик модернизация қилиш, инфратузилмани ривожлантириш, барқарор энергетика ва транспорт лойиҳаларини амалга ошириш ишлари давом эттирилади.

Шунингдек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Туркий давлатлар ташкилоти, Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида анъанавий, кенг қамровли шериклик алоқаларини янада кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Президент таъкидлашича, “бундай улуғвор вазифалар” мамлакатда тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро дўстлик ва аҳилликни янада мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларнинг жанговар салоҳиятини оширишни талаб этади. Давлат раҳбари бунинг учун барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилишини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид