Қирғизистон фуқароларининг АҚШга кириши чекланди. Нега?
Энди қирғизистонликлар АҚШда яшаш ва ишлаш визаси учун ариза топшира олмайди.
АҚШ маъмурияти фуқаролари қўшма штатларга кириши чекланадиган мамлакатлар рўйхатини эълон қилди. Бу рўйхатга илк марта собиқ совет республикаси ҳам киритилган: Нигерия, Судан, Танзания, Эритрея ва Мьянма қаторида Қирғизистон ҳам бор.
Америка матбуотига кўра, Вашингтонда Беларусь фуқаролари учун ҳам киришни чеклаш масаласи кўриб чиқилган, бироқ қарордан воз кечилган.
Энди қирғизистонликларга АҚШда доимий яшаш визаси берилмайди
Америка ОАВларининг прогнозларига зид равишда, рўйхат 6та давлат фуқаролари учун АҚШга киришни тўлиқ чекламайди. У Қирғизистон, Мьянма, Эритрея ва Нигерия фуқароларига АҚШда яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи иммиграцион виза юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқини бекор қилади. Судан ва Танзания фуқаролари эса гринкарт лотереясида иштирок этишдан четлатилади.
Шу билан бирга, ушбу мамлакатлар аҳолиси бундан кейин ҳам туристик ва касб тақозоси билан бориш визаларини олиш учун Америка элчихоналари ва консулликларига мурожаат этишлари мумкин.
Қирғизистон тарафи нима демоқда?
Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков бунга асосий сабаб – мамлакат фуқароларида биометрик паспортларнинг йўқлиги дея ҳисоблайди.
Қирғизистон ТИВ бундай қарор АҚШнинг Қирғизистонга нисбатан сиёсати билан эмас, Америка ички сиёсий кун тартиби билан боғлиқлигига ишонч билдирди.
Рўйхатда бунгача 7та мамлакат бор эди
АҚШга 7та мусулмон мамлакатлари фуқароларининг киришини чеклайдиган илк расмий буйруқ 2017 йилнинг 27 январь куни Трамп томонидан имзоланган эди. Ўшанда Эрон, Ироқ, Сурия, Судан, Яман, Ливия ва Сомали рўйхатга тушган, кейинчалик Венесуэла ва Шимолий Корея ҳам қўшилган эди.
Вашингтондагилар ўша вақтда айнан шу давлатлар фуқаролари АҚШнинг миллий хавфсизлиги учун ўзига хос таҳдидга эгалиги ва уларнинг мамлакатга киришини тўлиқ маън этиш кераклигини билдирганди.
ОАВда «мусулмонларга тақиқ» («Muslim ban») деб аталадиган ҳолат турли штатларда федерал судялар томонидан уч марта блокланган, бироқ охир-оқибат Олий суд президентни қўллаб-қувватлаган. Рўйхатдан Ироқ ва Судан чиқарилган, расмий буйруқ матнида рўйхатга киритилган мамлакатларга нисбатан Вашингтоннинг талабларини аниқлаштирувчи ўзгартиришлар киритилган.
Трамп иммиграцион сиёсатда собитқадам
Ўзининг сўнгги чиқишларида Дональд Трамп иммиграцион сиёсатдаги қаттиққўллик ва фуқароларининг АҚШга кириши чекланадиган мамлакатлар рўйхати доимий равишда кенгайиб бориши – президент маъмурияти сиёсатининг устувор йўналиши эканини бир неча бор айтиб ўтган.
Жорий йил январь ойида ҳам Давосга ташрифи давомида журналистлар олдида чиқиши қилган Дональд Трамп иммиграцияни чеклаш бўйича ўзининг сайловолди ваъдаларидан воз кечиш ниятида эмаслигини айтди.
«Бир неча давлатларни [рўйхатга] киритяпмиз, – деди Трамп. – Биз хавфсизликда бўлишимиз керак. Мамлакатимиз хавфсизликда бўлиши керак. Сиз дунёда нима юз бераётганини кўряпсиз. Мамлакатимиз хавфсиз бўлиши керак».
АҚШ Ички хавфсизлик вазирининг тушунтириши
31 январь куни маъмуриятнинг янги ташаббуси ҳақида маълум қилган АҚШ ички хавфсизлик вазири вазифасини бажарувчи Чад Вулф янги рўйхат деярли бир йил давом этган «тизимли ҳисобот»нинг натижаси бўлганини айтди.
2018 йилнинг март ойида АҚШ маъмурияти терроризм, разведка ва ўз фуқароларига берилган паспортлар тўғрисида ўзаро маълумот алмашиш борасидаги ҳамкорлик тўғрисида 200та давлат ҳукуматларига қатор саволларни юборганди. Шундан сўнг АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги, Пентагон, Давлат департаменти ва Миллий разведка хизмати директорининг офиси вакилларидан иборат идоралараро гуруҳ ушбу жами давлатларни баҳолаш ишларини ўтказди.
«Натижада айнан шу олтита давлат энг ёмон баҳони олди», – дея тушунтирди Вулф Вашингтонда журналистларнинг саволларига жавоб бераркан. – [Дастлабки рўйхатга киритилган] 7та мамлакат каби улар ҳам умумий рўйхатда сўнгги ўринларни эгаллади».
У мазкур мамлакатларнинг «катта қисми» АҚШ билан яхши муносабатларни сақлаб қолиш ва террористик хавфларни баҳолашда кўмаклашиш ниятида эканини ҳам қўшимча қилди.
«Турли сабабларга кўра улар биз айтган минимал талабларни бажара олмади», – деб маълум қилди Вулф. – Шунинг учун ташрифлар учун чекловларни киритиш эҳтимолдаги хатарларни камайтиришнинг ягона усулига айланди».
Вазир бу каби ҳисоботларни ҳар олти ойда тайёрлаш режалаштирилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, рўйхатга тушган давлатлар ўз хавфсизлигини мустаҳкамлаш чораларини кўриб, АҚШ билан ҳамкорликни кенгайтиришга интилса, рўйхатдан чиқарилиши мумкин.
Мавзуга оид
08:10
Александр Дарчиев РФнинг АҚШдаги янги элчиси бўлиши мумкин
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024