20:08 / 09.02.2020
0
28593

«Сени ёмонликка бошлаган киши душманингдир» – Алишер Навоий ҳикматлари

Туркий халқлар мутафаккири Алишер Навоий таваллудига 579 йил тўлди.

1441-1501 йилларда асосан Ҳиротда (ҳозирги Афғонистониннг шимоли-ғарбий қисми) яшаб ўтган Алишер Навоий туркий ва форсий тилларда сермаҳсул ижод қилган шоир сифатида улуғланади.

Мумтоз адабиётда Навоий шахси мутлақо ўзгача ўринга эга ва бу бежиз эмас. У яшаган даврда шеърият, ижод тили сифатида фақатгина форсий тил қўлланилар, туркий тилдаги асарлар жуда кам бўлган.

Алишер Навоий эса туркий тилни ҳаётга қайтарди. Ўз замонасида ҳам, кейинчалик ҳам мумтоз адабиёт дурдонаси сифатида қадрланган асарларининг салмоқли қисмини туркий тилда яратди. Бундан ташқари, туркий тилда ёзувчи ижодкорларни ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлади.

Навоий нафақат шоир, балки сиёсат арбоби, ишбилармон дипломат сифатида ҳам ном қозонган.

Ҳиротнинг Навоий яшаган даврдаги тахминий кўриниши

Тарихчи Хондамирнинг «Ҳабиб ус-сияр» асарида келтирилишича, Навоий XV асрдаги Хуросоннинг сиёсий муҳитида муҳим фигурантлардан бири ҳисобланган. Шоирнинг ота томондан бобоси – Амир Темурнинг ўғли Умаршайх билан кўкалдош (эмикдош) бўлиб, кейинчалик Умаршайх ва Шохруҳнинг хизматида бўлган. Отаси Ғиёсиддин Баҳодир ҳам подшоҳ саройига яқин амалдорлардан бўлган.

Болалигиданоқ темурийзода Ҳусайн Бойқаро билан бирга улғайгани боис, ҳаёти давомида ҳам Бойқаро саройида дастлаб муҳрдор, кейинчалик бош вазир бўлиб хизмат қилади. Маълум муддат Астробод вилоятида ҳокимлик ҳам қилади. Ҳукмдор ҳузурида «амири кабир» (улуғ амир), «амири муқарраб» (энг яқин амир) унвонларига сазовор бўлган.

Навоий юбилейига бағишлаб тўқилган гилам. Туркман халқидан туҳфа

Навоий Ҳусайн Бойқаронинг энг хавфли сиёсий рақиби Ёдгор Муҳаммад Мирзони тунда қўлга олишда шахсий жасорат кўрсатади. Бойқаро ҳукуматининг ортиқча солиқларидан норози бўлиб, қўзғолон кўтарган халқ оммасини тинчитишда адолат билан иш тутади. Мамлакатда савдо, ҳунармандчиликни ривожлантиришга аҳамият қаратади. Ҳукмдорни маърифатли кишиларга раҳнамолик қилиш, раиятнинг кўнглига қараб иш тутишга йўналтиради. Унинг саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ Бойқаро даври илм-маърифат ривожланган давр сифатида тарихда қолди.

«Ҳабиб ус-сияр»да келтирилишича, Алишер Навоий ўз маблағлари ҳисобидан Хуросонда бир неча мадраса, 40та работ, 17та масжид, 10та хонақоҳ, 9та ҳаммом, 9та кўприк, 20га яқин ҳовуз қурдирган ёки таъмирлатган.

Навоий устози Лутфий билан суҳбатда

Астрободда ҳокимлик қилган даврида қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқаларни яхшилаш, тижорий муносабатларни йўлга қўйишга эришди. Бош вазир сифатида Бойқаронинг бошқа замондош ҳукмдорлар билан ёзишмалар олиб бориши, элчилар алмашинувида ижобий натижаларга эришишда муҳим рол ўйнади. Тахт талашган темурий шаҳзодаларни муросага келтиришда ҳам доим ташаббускор бўлади.

Кичкина Алишер ва тарихчи Шарафиддин Али Яздийнинг учрашуви
 Мусаввир: Анатолий Циглинцев

Сиёсий манфаатлар негизида Ҳусайн Бойқаронинг ўз тўнғич ўғли Бадиуззамон билан муносабатлари кескин совуқлашади. Ота-бола ўртасида юзага келиши тайин бўлиб қолган урушнинг олди олинишида ҳам Навоийнинг элчилик маҳорати муҳим рол ўйнади. Отасига қарши мухолифат йиққан Бадиуззамонни падаркуш бўлмасликка, қирғиндан қўл тортишга рози қилади.

Навоий 1483-1485 йилларда турк тилида биринчи бўлиб беш достон − «Хамса»ни ёзиб тугатади ва бу асарни Ҳусайн Бойқарога тақдим этади. Ҳукмдор мазкур асар ва унинг муаллифига эҳтиром рамзи сифатида Навоийни ўзининг оқ отига миндириб, унга жиловдорлик қилади, Ҳирот кўчаларини айлантиради.

 Навоий «Лисон ут-тайр» асарини ижод қилиш жараёнида
Мусаввир: Неъмат Қўзибоев

Алишер Навоий ҳикматларидан:

Кишининг одоби унинг бойлигидан яхшидир.

Охират савоби дунё роҳатидан яхшидир.

Тил зарбаси – тиш оғриғидан кучлироқ.

Ёмон дўст – шайтон.

Тил сукути – инсон саломатлиги.

Сени ёмонликка бошлаган киши душманингдир.

Кимки кўнгилни қаттиқ сўз билан жароҳатлар экан, унга аччиқ тил заҳарли найзадек санчилади.

Мулойим сўз – ваҳшийларни улфатга айлантиради, сеҳргар – оҳанг билан афсун ўқиб, илонни инидан чиқаради.

Кўп, бемаза сўзлайдиган эзма – кечалари тонг отгунча тинмай ҳурадиган итга ўхшайди. Тили ёмон одам халқ кўнглини жароҳатлайди, ўз бошига ҳам офат етказади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top