Ўзбекистон | 12:23 / 11.02.2020
5851
2 дақиқада ўқилади

Лувр кўргазмаси учун Ўзбекистон ҳақида китоб нашр қилинди

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Ўзбекистон табиати ва маданиятини суратларда кўрсатувчи “Ўзбекистон. Самарқандга йўл” (Uzbekistan. The road to Samarkand) китоби нашр қилинди. Китоб Лувр музейида Ўзбекистонга бағишлаб ўтказиладиган кўргазмада намойиш этилади. Бу ҳақида Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маълумот берди.

Ўзбекистоннинг бой табиати ва қадим меросини суратлар ва қисқа изоҳларда кўрсатиб берувчи китоб чоп қилинди. “Ўзбекистон. Самарқандга йўл” (Uzbekistan. The road to Samarkand) дея номланган мазкур китоб Франциянинг машҳур нашриёти −Assouline Publishing ва Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамкорлигида нашр қилинган. Китоб муаллифлари ношир Яффа Ассулин ва таниқли фотограф Лазиз Ҳамани ҳисобланади.

Китоб 2021 йил 21 октябрдан 2022 йил 7 февралга қадар Лувр музейида бўлиб ўтадиган “Ипак йўлидаги цивилизация ва маданият” номли кўргазмада тақдим этилиши мўлжалланган.

Фотограф Лазиз Ҳамани 50 кун давомида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида бўлиб, мамлакатнинг ўзига хос қиёфасини суратларга муҳрлади. “Ўзбекистон сайёрамиздаги тасаввурлар ҳақиқатга мос келадиган ва кам учрайдиган жойлардан бири. Мамлакат беқиёс манзаралари ва унутилмас анъаналарига эга. Олтин саройлар ва ажойиб ёдгорликлар билан безатилган ҳудуднинг меъморий ландшафтлари шу қадар тафсилотларга бойки, баъзида бу иншоотлар осмоннинг ўзини акс эттиргандек туюлади”, деб ёзади Ҳамани китобнинг кириш қисмида.

“Ўзбекистон. Самарқандга йўл”нинг тақдимоти жорий йил март ойида дунёнинг 20та мамлакати нашриёт дўконларида ўтказилади. Китобнинг Тошкентдаги тақдимоти апрель ойида Яффа Ассулин ва Лазиз Ҳамани иштирокида ўтказилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид