16:33 / 11.02.2020
0
4784

ЎзАга давлат бюджетидан 5,4 млрд сўм ажратиш режалаштирилмоқда

Молия вазирлиги техника воситаларини харид қилиш учун 5,4 млрд сўмни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига ажратиши режалаштирилмоқда

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг ахборот порталини яратиш тўғрисида ҳукумат ҳужжати лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, ҳужжат президентининг “Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 2 декабрдаги ПҚ-4541-сон қарорининг 10-банди ижросини таъминлаш, шунингдек Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг моддий-техника базасини такомиллаштириш мақсадида қабул қилиниши кўзда тутилган.

Лойиҳага кўра, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг ахборот порталини яратиш ва унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун харид қилишини белгиланган техника воситалари рўйхати тасдиқланади.

Молия вазирлиги техника воситаларини харид қилиш учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетини 2020 йил 1-чорак якуни бўйича даромадлар режасини орттириб бажарилган қисми ҳисобидан 5,4 млрд сўмни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига 2020 йилнинг апрель ойида ажратиши мўлжалланган.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги:

ҳужжат иловасида кўрсатилган техника воситаларини сотиб олиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тендер савдоларини ўтказади;

ўтказилган тендер савдолари якунлари бўйича иқтисод қилинган маблағни тегишли тартибда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига қайтарилишини таъминлайди.

Ажратилган бюджет маблағларидан:

мақсадли фойдаланиш юзасидан шахсий жавобгарлик Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори (А.Кўчимов)га;
             
давлат харидлари бўйича тендер (танлов) савдоларининг тўғри ўтказилиши устидан давлат молиявий назоратини амалга ошириш ҳамда мақсадли сарфланишини назорат қилиш Молия вазирлиги Давлат молиявий назорат департаменти зиммаларига юкланади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top