Ўзбекистон | 14:19 / 12.02.2020
3374
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда биринчи халқаро авиация форуми ўтказилади

19-20 февраль куни Ўзбекистонда илк маротаба халқаро авиация форуми ўтказилади. Унда Ўзбекистон авиация соҳаси учун муҳим келишувларга эришилиши кутилмоқда.

Фото: KUN.UZ

Бугун, 12 февраль куни, Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилиши кутилаётган халқаро авиация форумига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда туризм ва транспорт соҳасининг мутасадди вакиллари иштирок этиб, форум ҳақида батафсил маълумот беришди.

Жорий йилнинг 19-20 февраль кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар майдонида “Uzbekistan Airports, Aviation&Logistic Forum” (UAALF-2020) халқаро авиация форуми бўлиб ўтади. Форумни ташкил этишда республиканинг масъул идоралари билан бир қаторда Бирлашган Араб Амирликларининг “Fair Exhibition Organizers” (1991 йилда бери фаолият юритиб, 150дан ортиқ халқаро кўргазмаларни ташкил этган) компанияси ҳам жалб этилган.

Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, форумга 34та мамлакатдан 100га яқин экспонент ташриф буюриб, ўз кўргазмаси билан қатнашади. Форумда умумий ҳисобда 1000дан ортиқ хорижий меҳмонлар иштироки кутилмоқда. 

“Халқаро авиация форумига фуқаро авиациясига тегишли ташкилот, вазирлик ва аэропортлар вакиллари ташрифи режалаштирилган. 130га яқин халқаро ташкилот жалб қилинмоқда”, − дейди Азиз Абдуҳакимов.

Анжуманда қайд этилишича, форум иштирокчилари қаторида “Boeing” ва “Jetcraft” (АҚШ), “Air Charter Service” (Буюк Британия), “Bombardier Business jets” (Канада), “TLD” (Ҳиндистон), “Luftansa Consulting”(Германия), “Air Arabia” ва “BGT Events” (БАА), “Mitsubishi Corporation”  (Япония), “Pegasus Airlines” ва  “Turkish Airlines”(Туркия) каби авиакомпаниялар мавжуд.

“Форум доирасида юқори даражадаги учрашув, тақдимот, семинар ва кўргазмалар ўтказилиши режалаштирилган. Аэропортлар, авиация ва логистика вакиллари ўз маҳсулотлари ва хизматларини тақдим этишади. Форум нуфузли ташкилотларнинг қарор қабул қилувчи расмий вакиллари билан ўзаро алоқаларни ривожлантириш учун яхши платформа бўлиб хизмат қилади”, − дея таъкидлади бош вазир ўринбосари.
 
Транспорт вазири Элёр Ғаниев халқаро авиация форумидан кўзланаётган мақсадлар ҳақида маълумот берди. 

“Форумда Ўзбекистоннинг авиация соҳасига инвесторларни жалб қилиш, минтақавий аэропортларни давлат-хусусий бошқарувига ўтказиш, ёқилғи қуйиш комплексларини олиб келиш, авиацияда замонавий бошқарувни жорий қилиш, учиш-қўниш йўлакларини реконструкция қилиш, экспорт ва товар айланмасини ривожлантириш, аэропортларда логистика марказларини жорий қилиш масалалари кўрилади. Шунингдек, хорижий ташувчилар учун мақбул шароитларни яратиш ва бу орқали янги авиация маршрутларни йўлга қўйиш, янги авиакомпанияларни ташкил этиш каби масалалар ҳам форум кун тартибида кўрилади”, − дейди Элёр Ғаниев.

Маълум қилинишича, мазкур форумни анъанавий тарзда ўтказишни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Шунингдек, янги авиакомпания - Humo Air учун техника харид қилиш масаласи ҳам форум доирасида муҳокама қилинади.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид